Президентнинг 15.08.2017 йилдаги ПҚ–3213-сон «Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолиятини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори эълон қилинди. Бу ҳақда Ташқи савдо вазирлиги сайтида хабар қилинади.
Ҳужжат билан жорий йилнинг 1 сентябридан олиб келинадиган қатор товарлар учун импорт божи ставкалари, шунингдек акциз солиғининг пасайтирилиши кўзда тутилган.
Айрим товар позициялари бўйича шу санадан эътиборан “ноль” ставка қўлланилади:
- импорт божхона божи – сариёғ, янги ёки совутилган уруғлик картошка, жавдар ун, қаттиқ буғдой ва жавдардан йирик тортилган ёрма ва ун, соя ва кунгабоқар ёғи, рафинациялаш учун шакарқамиш, шунингдек айрим дон экинлари ва фармацевтика маҳсулотлари;
- акциз солиғи – гўшт ва гўштли озиқ-овқат субмаҳсулотлар, буғдой уни ҳамда ҳайвонларни боқишда ишлатиладиган маҳсулотлар.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Олег Заманов,
экспертимиз.