Янги таҳрирдаги «Банклар ва банклар фаолияти тўғрисида»ги Қонун эълон қилинди (5.11.2019 йилдаги ЎРҚ-580-сон Қонунга қаранг).
Аввало, ҳужжат ҳажми аввалги версияси билан солиштирилганда икки бараварга кўпайди. Бу унга алоҳида нормалар, масалан асосий тушунчалар таърифлари ва бошқа умумий қоидалар киритилганлиги, шу жумладан уларнинг қонуности ва идоравий ҳужжатлардан ўтказилганлиги ва янги боблар киритилганлиги билан боғлиқдир.
Масалан, улардан бири пруденциал талаблар (капиталнинг монандлик коэффициенти, соҳалар кесимида тўпланиш, ликвидлик коэффициентлари ва ҳ.к.) ва таваккалчиликни бошқаришга, бошқаси – терроризмга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилинишига, учинчиси – банклар фаолияти устидан пруденциал назоратга (банк фаолиятининг ўзига хос таваккалчиликларининг олдини олиш ва қисқартириш мақсадида МБ томонидан амалга оширилади, таҳр. изоҳи), яна бири – банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун МБ томонидан қўлланиладиган чоралар ва санкцияларга бағишланган.
Хусусан, энди санкциялар тури ва миқдори содир этилган қоидабузарлик хусусиятига боғлиқ бўлади – улар таснифланиб, қўпол, жиддий ва жузъий гуруҳдаги қоидабузарликларга бўлинди. Қўпол қоидабузарлик учун банкнинг лицензияси олиб қўйилади. Қўпол ёки жиддий қоидабузарликлар ва қоидабузарларга нисбатан қўлланилган таъсир чоралари тўғрисида ОАВда хабар бериш мумкин. Жузъий қоидабузарлик содир этилганда ёзма огоҳлантириш билан чекланилади.
Бундан буён нафақат банклар, балки кузатув кенгаши аъзолари, бошқарув ва бошқарма таркибида бўлмаган, бироқ уларнинг ҳаракатлари банк фаолиятига жиддий таъсир кўрсата оладиган муҳим аҳамиятга эга ходимлар ҳам жаримага тортилади.
Субъект |
Қоидабузарлик хусусияти |
||
қўпол |
жиддий |
жузъий |
|
Банк |
Банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузган ҳолда амалга оширилган молиявий операциялардан олинган даромадларнинг миқдорини аниқлаш имкони бўлса, банкдан ушбу даромадлардан баравар миқдорда ёки банк томонидан ўтган молия йили давомида олинган соф фойдадан фоиз ёки банк жами капиталидан фоиз кўринишида жарималар ҳисобланади: |
||
2 баравар миқдорида ёхуд 5%и ёки 1%и |
1,5 баравари миқдорида ёхуд 2%и ёки 0,5%и |
1 баравари миқдорида ёхуд 1%и ёки 0,1%и |
|
Банк кузатув кенгашининг, бошқарувининг аъзоси ёки муҳим аҳамиятга эга ходими |
Жарима қўлланилаётган ойдан аввалги бир йил ичида олинган ҳақ миқдоридан жарималар ҳисобланади |
||
100%дан ортиқ бўлмаган миқдорда |
75%дан ортиқ бўлмаган миқдорда |
50%дан ортиқ бўлмаган миқдорда |
Бундан ташқари, илгари амал қилган қонундаги қатор нормаларга тузатишлар киритилди:
- банк фаолиятини белгилайдиган таркибий элементлар жумласига банк ҳисобварақларини очиш ва юритиш киритилди;
- банк томонидан амалга ошириладиган молиявий операциялар рўйхати кенгайтирилди: факторинг, аффинланган қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тангаларни сотиб олиш ва сотиш, деривативлар билан операцияларни амалга ошириш, электрон пулларни чиқариш ва ҳ.к.;
- банклар фаолиятидаги чекловлар сони ошди – улар юридик шахсларнинг улушларини ёки акцияларини олиши мумкин эмас (айрим ҳолатларда банкнинг биринчи даражали регулятив капиталининг 15% идан ошмаган миқдорда олиши мумкин). Қимматли қоғозлар билан битимларни амалга ошириш, улушларни ёки акцияларни сотиб олиш йиғиндиси банкнинг биринчи даражали регулятив капиталининг 50%идан ошмаслиги керак. Шунингдек банк ушбу банк устав капиталининг 1 ёки ундан ортиқ фоизига эгалик қилувчи юридик шахснинг устав фондида иштирок эта олмайди;
- МБнинг банк акцияларига эгалик қилишга рухсатномасини олдиндан олишга янгича талаблар баён этилди. Илгари банк устав капиталида 20%гача улушга эгалик қиладиган резидентлар рухсатнома олиши талаб қилинмаган бўлса, бундан буён жисмоний ва юридик шахслар ёки биргаликда ҳаракат қилувчи шахслар бир ёки бир неча битим натижасида 5%дан 20%гача; 20%дан 50%гача; 50% ва ундан кўпроқ фоизни ташкил этадиган улушни олишдан аввал рухсатнома олиши шарт. Бошқа тартиб-таомилларга ҳам ўзгартиришлар киритилди: МБ потенциал сотиб олувчини 2 ой ичида баҳолашни амалга оширади, бу жараён давомида ундан қўшимча ҳужжатлар ва маълумотлар талаб қилиниши мумкин, асосланган қарор МБ сайтида эълон қилинади, дастлабки рухсатнома олинган кундан эътиборан 6 ойдан ошмаган муддат ичида юридик кучини сақлаб туради ва ҳ.к.
Қонун «Халқ сўзи» газетасида эълон қилинган ва 6.11.2019 йилдан кучга кирди.
Олег Заманов.