Вазирлар Маҳкамаси 21.08.2019 йилдаги “Умумий ўрта таълим муассасаларида хорижий тилларни ўқитишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 701-сон қарорни қабул қилди.
Умумий ўрта таълим муассасаларида немис, француз, испан, япон, корейс ва хитой тиллари ўқув дастурлари такомиллаштирилади. 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб юқорида келтирилган хорижий тилларни ўқитиш бўйича ихтисослаштирилган давлат умумтаълим муассасаларини очишни бошлайдилар. Улар мамлакатимизнинг барча ҳудудларида – Қорақалпоғистонда 3 та, ҳар бир вилоятда 2-3 тадан ва Тошкент шаҳрида 5 та ташкил этилади.
Қуйидагилар ихтисослаштирилган мактабларнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:
- умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартлари асосида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда юқорида кўрсатилган хорижий тилларнинг чуқур ўрганилишини ташкил этиш;
- хорижий тилларни ўрганишда ўқувчиларнинг ижодий салоҳиятини намоён қилишлари учун шарт-шароитлар яратиш;
- ҳар бир ўқувчининг индивидуал хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда хорижий тилларни чуқур ўрганиш учун давлат таълим стандартларидан ташқари қўшимча машғулотлар ташкил этиш;
- хорижий тиллардан маҳоратли ўқитувчиларни жалб этган ҳолда таълим сифатини оширишга эришиш;
- ўқувчиларнинг иқтидори ва истеъдодини аниқлаш ҳамда камол топтириш бўйича уларни миллий ва халқаро фан олимпиадалари, кўрик-танловлар ва бошқа тадбирларда муносиб иштирок этишга тайёрлаш.
Шунингдек, Халқ таълими вазирлигига манфаатдор вазирликлар, идоралар ва маҳаллий ҳокимиятлар билан биргаликда:
- бир ой муддатда ихтисослаштирилган мактабларнинг уставларини тасдиқлаш ва рўйхатдан ўтказиш;
- 2020 йил 1 мартга қадар ўқув режаларини ишлаб чиқиш;
- Клетт (Германия) нашриёти томонидан ишлаб чиқилган немис тили дарсликлари мажмуасининг халқ таълими тизимида 2018-2019 ўқув йилида тажриба-синовдан ўтказилганлигини инобатга олган ҳолда ихтисослаштирилган мактабларга ушбу дарсликларни харид қилиш бўйича лойиҳа таклифларини ишлаб чиқиб, халқаро грантларни, чет эл инвесторларини ҳамда тақиқланмаган бошқа манбалар маблағларини жалб қилиш;
- Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 5 апрелдаги 281-сон қарорига мувофиқ ихтисослаштирилган мактабларда хорижий тиллар бўйича муқобил дарсликлардан фойдаланишни босқичма-босқич амалиётга жорий этиш;
- ихтисослаштирилган мактабларга япон тили бўйича ўқитувчиларни жалб қилиш ва уларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида уларга халқ таълими муассасаларининг бюджетдан ташқари жамғармалари ҳисобидан, зарур ҳолларда эса Халқ таълими соҳасидаги ислоҳотларга кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобига лавозим маошининг 50%игача миқдорида қўшимча ҳақ тўлашни жорий этиш (ВМнинг 22.04.2019 йилдаги 344-сон қарорига қаранг) топширилди.
2020-2021 ўқув йилидан бошлаб хорижий тиллар ўқитувчиларини тайёрлаш учун тегишли ОТМларда қабул квоталари ажратишни (олис ва чекка ҳудудлардаги ихтисослаштирилган мактаблар эҳтиёжидан келиб чиқиб), шунингдек уларни “Эл-юрт умиди” жамғармаси ҳисобидан хорижий мамлакатларга стажировка ўташга юборишни бошлайдилар. Шу билан бир вақтда ихтисослаштирилган мактабларга хорижий мутахассисларни фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида ишга қабул қилишга рухсат берилади.
11-синф битирувчиларига тегишли хорижий тилларни чуқур ўрганганлиги тўғрисида диплом ва сертификатлар бериш кўзланмоқда.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 22.08.2019 йилдан кучга кирди.
Анвар Иркаходжаев.