Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКто уплачивает 2% совокупного дохода Дирекции Технопарка Как арендовать пункт весогабаритного контроля Как применить льготу по налогу на имущество инвалиду II группы Как производить расчеты по импортным операциям

Барча ижтимоий тўловлар - "Ижтимоий карта" ахборот тизими орқали

24.07.2024

Читать на русском языке

Президентнинг 18.07.2024 йилдаги "Аҳолига давлат ижтимоий кўмагини кўрсатиш тартибини тубдан такомиллаштириш тўғрисида"ги ПҚ-267-сонли қарори қабул қилинди.

 

Президентнинг 1.06.2023 йилдаги  ПФ-82-сон Фармонига мувофиқ, аҳолига барча ижтимоий қўллаб-қувватлаш чораларини IT асосида тақдим этишга ўтишнинг асосий йўналишлари қуйидагича белгиланди:

  • "Ижтимоий карта" АТни (ахборот тизими) жорий этиш орқали ижтимоий тўловлар ва субсидиялар, ижтимоий хизматлар ва ёрдамни тайинлаш, тақдим этиш, мониторинг қилиш ва баҳолаш жараёнларини босқичма-босқич тўлиқ автоматлаштириш;
  • ижтимоий ёрдамга муҳтож фуқаролар тоифалари томонидан ижтимоий хизматлар, ёрдам ва тўловларни олиш учун ҳужжатлар йиғиш заруратини бекор қилиш;
  • давлат ижтимоий кўмагини манзилли, қисқа муддатда, масофадан ва проактив тарзда олиш имкониятини яратиш;
  • ижтимоий суғуртани жорий этиш доирасида рақамли хизматларни ривожлантириш ҳисобига давлат ва тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги ўзаро алоқаларни соддалаштириш;
  • республика, вилоят, туман (шаҳар) ва маҳалла даражаларида давлат ижтимоий кўмагини кўрсатувчи давлат органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолияти самарадорлигини ошириш.

 

"Ижтимоий карта" АТдан фойдаланган ҳолда ижтимоий карта орқали аҳолига қуйидагилар тақдим этилади:

а) 2024 йил 1 декабрдан янги тайинланадиган ижтимоий тўловлар, хизматлар ва имтиёзлар, шу жумладан Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган ваучерлар қийматида протез-ортопедик буюмлар ва реабилитация техник воситаларини харид қилиш;

б) 2025 йил 1 апрелдан босқичма-босқич:

  • ногиронлик тўғрисидаги маълумотнома ва гувоҳномалар, талабалик гувоҳномалари, ўқувчи гувоҳномалари, уруш қатнашчиси ёки унга тенглаштирилган шахс гувоҳномаларининг қоғоз шакллари бекор қилиниб, уларнинг ўрнига ижтимоий карта жорий этилади;
  • ногиронлиги бўлган шахслар ва имконияти чекланган шахслар, шунингдек ушбу хизматдан имтиёзли фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган аҳолининг бошқа тоифалари учун жамоат автомобиль, темир йўл, авиа ва дарё транспорти, чизиқли такси хизматларидан фойдаланиш бўйича имтиёзлар тақдим этилади;
  • давлат ижтимоий объектларига, концерт-томоша ва бошқа тадбирларга бепул ёки қисман тўлов билан ташриф буюриш учун имтиёзлар жорий этилади, бундай объектларга кириш чипта операциялари тизими асосида тартибга солинади.

 

Бундан ташқари, 2025 йил 1 июлдан бошлаб худди шундай тартибда "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри"га киритилган жисмоний шахсларга қонунчиликда белгиланган товарлар (хизматлар)ни харид қилишда белгиланган миқдор доирасида тўланган ҚҚС суммаси бир иш куни ичида қайтарилади.

 

Бунда солиқ органларининг махсус мобиль иловаси орқали бундай харид учун матрицали штрих-код ёрдамида харид чекининг фискал белгисини сканерлаш талаб этилмайди.

 

2025 йил 1 октябрдан бошлаб ижтимоий карта орқали фуқароларга барча давлат органлари ва бюджет маблағлари ҳисобидан фаолият юритувчи ташкилотлар томонидан бюджет маблағлари ҳисобидан ижтимоий хизматлар ва ёрдам, субсидиялар, грантлар, имтиёзлар ва ижтимоий кафолатлар тақдим этилади.

 

Ҳужжатда шунингдек 2025 йил 1 октябрдан пенсия олувчи шахсларга ўз хоҳишларига кўра ёши, ногиронлиги ва боқувчисини йўқотганлиги бўйича пенсияларни олиш ҳуқуқини бериш назарда тутилган.

 

Ижтимоий карта Миллий ижтимоий ҳимоя агентлиги томонидан Ўзбекистон фуқароларига, республика ҳудудида доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга берилади ҳамда ўзгартирилмайдиган ноёб шахсий рақамни ўз ичига олади.

 

Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:

  • "Ижтимоий карта" ахборот тизимининг дастурий-аппарат комплексини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар режаси;
  • "Ягона миллий ижтимоий ҳимоя" ахборот тизимини "Электрон ҳукумат" идоралараро интеграция платформаси билан интеграция қилиш йўли билан ахборот алмашинувига тегишли давлат маълумотлари тўпламлари рўйхати.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 2024 йил 23 июлдан кучга кирган.

 

Лола Абдуазимова