Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzТри сценария для оборудования, импортированного без НДС: налоговые последствия при продаже, аренде и использовании Что изменится в Узбекистане в декабре 2024 года Какая ответственность наступает за разные виды нарушений Что должны содержать чеки продажи и возврата

Бизнесни ёпиш қанчалик осонлашади

26.08.2019

Читать на русском языке

1.01.2020 йилдан тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш ва фаолиятини тўхтатиш, шунингдек  молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётганларни давлат реестридан чиқаришнинг янги тартиби кучга киради (ВМнинг 21.08.2019 йилдаги 704-сон қарори).

 

Ҳужжат бизнесни тугатиш, шу жумладан ихтиёрий тартибда тугатишни соддалаштирадиган Президентнинг 7.06.2019 йилдаги ПФ-5739-сон Фармони муносабати билан қабул қилинган. Аниқ чора-тадбирлар ҳақида илгари биз бу ерда ва бу ерда ёзганмиз.

 

Қабул қилинган ҳужжатда аниқлаштиришича, ихтиёрий тугатиш ва давлат реестридан чиқаришнинг янги тартиби қуйидагиларга татбиқ этилмайди:

  • банклар ва кредит бюролари, уларнинг филиаллари ва ваколатхоналари;
  • шаҳарни ташкил этувчи тижорат ташкилотлари ва уларга тенглаштирилган тижорат ташкилотлари;
  • давлат органлари, ННТ, шу жумладан, уларнинг юридик шахс ҳисобланадиган алоҳида бўлинмалари (ваколатхоналари ва филиаллари), шунингдек, халқаро ва хорижий ННТнинг ваколатхоналари ва филиаллари;
  • қонун ҳужжатларида назарда тутилган банкротлик аломатлари бўлган тижорат ташкилотлари.

 

Қуйида ихтиёрий тугатиш ва давлат реестридан чиқариш тартиб-таомилларида 2020 йил 1 январдан рўй берадиган асосий янгиликларни кўриб чиқамиз.

 

Ихтиёрий тугатиш

 

Биринчидан, корхонани тугатиш тўғрисида қарор қабул қиладиган шахслар рўйхатига тузатиш киритилди. Муассислар (қатнашчилар) билан бир қаторда бундай ваколат вакилларига ва ваколатли давлат органига тақдим этилди. Қарорда кўрсатиладиган маълумотлар рўйхати кенгайтирилди. Унда қуйидагиларни акс эттириш лозим:

  • тугатилаётган тадбиркорлик субъекти тўғрисидаги маълумотлар: тўлиқ ва қисқартирилган номи, СТИР, почта манзили;
  • тугатувчи ҳақидаги маълумотлар: паспорт маълумотлари, телефон рақами ва электрон почта манзили;
  • ташкилот бўйича мурожаатларни қабул қилиш жойи ва муддати;
  • тугатиш сабаби ва мўлжалланаётган тугатиш муддати.

 

Иккинчидан, янги тартибга кўра, муассис(-лар) (қатнашчи(-лар) каби у(-лар) томонидан тайинланган шахслар (тугатиш комиссияси) тугатувчи бўлиши мумкин. Якка тартибдаги тадбиркор (ЯТТ) ҳам тугатувчи ваколатидан фойдаланадиган жисмоний шахсни тайинлаши мумкин.

 

Учинчидан, рўйхатдан ўтказувчи орган – Давлат хизматлари маркази (ДХМ) томонидан қарор нусхаси олингандан кейин, у нафақат бу ҳақда солиқ, статистика органлари ва Мажбурий ижро бюросининг (МИБ) ҳудудий бўлинмаларини, балки қуйидаги тузилмаларни ҳам хабардор қилиши керак:

  • кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни рўйхатдан ўтказувчи, автотранспорт воситалари, қишлоқ хўжалиги техникаси ва рўйхатдан ўтказиладиган бошқа техника воситаларини рўйхатдан ўтказувчи органлар;
  • Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги.

 

Тугатилаётган ташкилот ўрнига тугатиш тўғрисидаги эълонни ДХМ ўзининг расмий сайтида жойлаштиради.

 

Тўртинчидан, аввал қайд этилганидек, солиқ текшируви қамраб оладиган молия-хўжалик фаолиятининг максимал даври 3 йилни ташкил этади, рўйхатдан ўтказилган вақтдан бошлаб фаолият кўрсатмаган корхоналар учун эса тафтиш ўтказилмайди.

 

Бешинчидан, тугатувчи рўйхатдан ўтказувчи органга солиқ органи ва МИБнинг солиқлар ва ижро ҳужжатлари бўйича қарзи мавжуд эмаслиги тўғрисида ёзма жавобини тақдим этиши зарур эмас. Бу маълумотларни ДХМ Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизими орқали олади.

 

Олтинчидан, ЯТТ солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни юридик шахслар учун назарда тутилган тартибда тўлайдиган тақдирда уларнинг фаолиятини мажбурий тўхтатиш корхоналар учун белгиланган схема бўйича амалга оширилади. Қатъий белгиланган солиқларни тўловчи ЯТТ учун эса фаолиятни тўхтатишнинг амалдаги тартиби сақлаб қолинади. Солиқ органининг қарзи йўқлиги ҳақидаги хулосаси ЯТТ томонидан рўйхатдан ўтказувчи органга тақдим этиладиган ҳужжатлар жумласидан чиқарилди.

 

Қолган тартиб-таомил жиҳатлари умуман олганда унча катта ўзгаришга учрамади.

 

Фаолият кўрсатмаётган бизнес субъектларини давлат реестридан чиқариш

 

Молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган юридик шахслар учун уларни “фаолият кўрсатмаётган” деб ҳисоблаш учун асос бўладиган муддат 9 ойгача оширилди. У юзага келганда ва шу давр учун солиқ ҳисоботлари тақдим этилмаганда корхона 3 йил муддатга ҳаракатсиз режимга ўтказилади. Шу муддат мобайнида корхона ўзининг фаолиятини тикламаган тақдирда, рўйхатдан ўтказувчи орган  - ДХМ уни реестрдан чиқаради.

 

Фаолият кўрсатмаётган ва белгиланган муддатларда ўзларининг устав жамғармаларини шакллантирмаган корхоналарни тугатиш бўйича махсус ҳудудий комиссиялар - тугатилди.

 

Реестрдан чиқариш ДХМ томонидан ташкилотнинг солиқлар бўйича қарзи, мол-мулки бўлмаган, шунингдек тугатиш жараёнига корхона муассисларини (иштирокчиларини) (уларнинг вакилларини) ва раҳбарини жалб этишнинг имкони бўлмаган тақдирда солиқ органининг тақдимномасига кўра амалга оширилади.

 

Рўйхатдан ўтказувчи орган тақдимнома тушган пайтдан бошлаб 3 иш кунида:

  • корхонани ҳаракатсиз ҳолатга ўтказади, бу ҳақда давлат реестрига ҳамда Тизимга ёзув киритади ва ўзининг сайтида эълонни жойлаштиради;
  • юридик шахснинг муассисларига хабарнома юборади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 1.01.2020 йилдан кучга киради.

 

Ленара Хикматова.