20.02.2025 йилдаги ЎРҚ-1035-сон Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига бола ҳуқуқлари ҳимоясини янада мустаҳкамлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартишлар киритилди.
Болаларни ўқитиш бўйича мажбуриятларни бажаришда ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг жавобгарлигини кучайтириш, шунингдек боланинг таълим олиш ҳуқуқи кафолатларини таъминлаш мақсадида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ва "Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида"ги Қонунга қўшимча ва ўзгартишлар киритилмоқда.
Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси қуйидаги мазмундаги учинчи ва тўртинчи қисмлар билан тўлдирилди:
Ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан ўз боласини ноқонуний равишда диний таълимга жалб қилиш – БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида ушбу ҳуқуқбузарликни такрор содир этиш – БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
"Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида"ги Қонуннинг 23-моддаси қуйидагилар билан тўлдирилди:
Ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз эътиқодларига мувофиқ ўз боласини диний ва ахлоқий тарбиялаш ҳуқуқига эга.
Ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан ўз боласини ноқонуний равишда диний таълимга, яъни рўйхатдан ўтмаган ёки лицензияга эга бўлмаган ташкилотларга ёхуд махсус диний маълумотга эга бўлмаган ва диний ташкилотларнинг марказий бошқарув органи рухсатисиз диний таълим берувчи шахсларга диний таълим олиш учун беришга йўл қўйилмайди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 21.02.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова