Президент болалар масалалари бўйича комиссиялар фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирларини назарда тутувчи 02.12.2024 йилдаги ПФ-201-сон Фармонни имзолади.
Болалар масалалари бўйича миллий комиссия ва унинг Қорақалпоғистон, вилоятлар, Тошкент шаҳри ва туманлар (шаҳарлар)даги бўлимларининг асосий вазифалари:
- болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини амалга ошириш, уларнинг жисмоний, интеллектуал, маънавий ва ахлоқий ривожланишига, қобилият ва истеъдодининг тўлиқ намоён бўлишига кўмаклашиш бўйича чораларни мувофиқлаштириш;
- болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича бажарилаётган ишларнинг тизимли таҳлили, баҳоланиши ва самарадорлигини ошириш;
- болаларни оилага тарбияга бериш бўйича кўрилаётган чоралар самарадорлигини таҳлил қилиш;
- болаларнинг чуқур билим, малака ва кўникмаларни эгаллаши, сифатли таълим-тарбия жараёнини ташкил этиш бўйича давлат органлари ишини таҳлил қилиш;
- алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларни инклюзив таълимга жалб қилиш, уларнинг тиббий-ижтимоий реабилитацияси ва жамиятга интеграциясини таъминлаш бўйича чоралар самарадорлигини баҳолаш;
- болаларда ҳуқуқбузарликларга қарши иммунитетни шакллантириш, улар орасида ҳуқуқбузарликлар, назоратсизлик ва ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар, болалар меҳнатидан фойдаланиш ва бошқаларнинг олдини олиш.
Ҳужжат билан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, унинг бошқармалари, туман (шаҳар) "Инсон" ижтимоий хизматлар марказлари Болалар масалалари бўйича Миллий ва ҳудудий комиссияларнинг ишчи органи вазифасини бажариши белгиланди. Бунда Миллий гвардияга комиссиялар мажлисларини ўтказиш, комиссиялар фаолияти учун зарур маълумотларни тўплаш ва таҳлил қилишда комиссияларнинг ишчи органларига кўмаклашиш вазифаси юкланади.
Шунингдек, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва Болалар омбудсманининг таълим ташкилотларида болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларига йўл қўйган педагог ва тарбиячиларга нисбатан муайян чекловлар ва қўшимча талабларни белгилашни назарда тутувчи таклифи маъқулланди.
Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:
- Болалар масалалари бўйича миллий комиссиянинг янгиланган таркиби;
- Болалар масалалари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри комиссияларининг намунавий таркиблари.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 03.12.2024 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова