Вазирлар Маҳкамасининг 23.07.2020 йилдаги “Болалар ўйинчоқларининг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламентни тасдиқлаш ҳақида”ги 451-сон қарори қабул қилинди. Ҳужжат эълон қилинган кундан бошлаб 12 ой ўтгандан кейин амалга киритилади.
"Ўзстандарт" агентлигига ваколатли давлат органлари билан биргаликда умумий техник регламент (кейинги ўринларда – техник регламент) амалга киритилган кундан бошлаб, болалар ўйинчоқларини стандартлаштириш бўйича норматив ҳужжатларни қўллашда мажбурийлик хусусиятини бекор қилиш ва ихтиёрий қўллашни таъминлаш юзасидан белгиланган тартибда чоралар кўриш топширилди.
Техник регламент болалар ўйинчоқлари хавфсизлиги, болалар ва уларга қаровчи шахсларнинг ҳаётини муҳофаза қилиш мақсадида ишлаб чиқилган. У болалар ўйинчоқларини хавфсиз ишлаб чиқариш ҳамда сотиш талабларини белгилайди, шунингдек, болалар ўйинчоқларидан фойдаланиш ва уларнинг хавфсизлиги хусусида истеъмолчиларни чалғитувчи ҳаракатларнинг олдини олади.
Техник регламентга иловада “болалар ўйинчоғи” деб қаралмайдиган маҳсулотлар, хусусан 18 ёшгача бўлган болаларга мўлжалланмаган, коллекция учун тўпланган масштабли моделлар, арча ўйинчоқлари, болаларнинг ўйин майдонлари жиҳозлари, спорт инвентарлари, ўйин автоматлари, пневматик қурол ва ҳ.к. келтирилган. Техник регламент талаблари уларга, шунингдек шахсий буюртмалар ва кўргазма нусхалари сифатида тайёрланган ўйинчоқларга татбиқ этилмайди.
Техник регламентга қуйидаги хавфсизлик турлари бўйича талаблар киритилган:
- ёнғин хавфсизлиги;
- кимёвий хавфсизлик;
- токсикологик-гигиеник хавфсизлик;
- электр, радиацион, микробиологик хавфсизлик;
- қадоқлашга, тамғалашга оид хавфсизлик оид хавфсизлик ва бошқалар.
Ҳужжатда хавфсизликка мувофиқликни таъминлаш, мувофиқликни баҳолаш ва тасдиқлаш чоралари, амалда бўлган, ўтиш даврида (улар техник регламентга мувофиқлаштирилгунига қадар) болалар ўйинчоқларига хавфсизлик талабларини тартибга соладиган норматив ҳужжатлардан фойдалариш тартиби, шунингдек техник регламент талабларига риоя қилиш бўйича давлат назоратини амалга ошириш тартиби баён этилган.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 24.07.2021 йилдан кучга киради.
Лола Абдуазимова.