Вазирлар Маҳкамасининг 9.10.2017 йилдаги 808-сон қарори билан Ички ишлар органларининг патруль-пост хизмати бўлинмалари томонидан фуқаролар гавжум бўладиган жойларда жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги хизматларни шартномавий-ҳуқуқий асосда амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги тадбирлар бозорлар, йирик савдо, кўнгилочар, дам олиш мажмуалари ва марказлари ҳамда фуқаролар гавжум бўладиган бошқа жойларда амалга оширилади.
Бу - муҳим! Низом оммавий тадбирларни ташкил этиш ва ўтказишга, шунингдек йиғилишлар, митинглар, кўча намойишлари ва демонстрацияларга нисбатан татбиқ этилмайди.
Жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги тадбирлар шартномавий-ҳуқуқий асосда ички ишлар органларининг патруль-пост хизмати бўлинмалари (кейинги - ўринларда ППХ бўлинмалари) томонидан пулли асосда амалга оширилади.
Бу - муҳим! Тарифлар ҳали аниқланмаган. Уларни бир ой мобайнида ИИВ ва Молия вазирлиги ишлаб чиқади ва тасдиқлайди.
Аҳоли гавжум жойларда жамоат тартиби сақланишини таъминлаш учун мазкур жойларда фаолият кўрсатувчи юридик шахслар ва тегишинча равишда Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ, вилоятлар ИИБ ҳамда Тошкент шаҳар ИИББ ўртасида ўрнатилган тартиб-таомил бўйича шартнома тузилади. Шартнома схемада кўрсатилган белгиланган тартиб бўйича тузилади.
Намунавий шартнома ишлаб чиқилган ва низомга илова қилинади. Унинг 8.7-бандида кўрсатилишича, объектнинг хусусиятини инобатга олиб, тарафлар шартномага қонунчиликда кўзда тутилган қўшимчаларни киритишга ҳақли.
Фуқаролар гавжум бўладиган жойларда пост ва маршрутларнинг жойлашуви, жавобгарлик ҳудуди, ППХ бўлинмаси ходимларининг хизмат олиб бориш вақти ҳамда тартиблари туман (шаҳар) ички ишлар бошқармаси (бўлими) бошлиғи томонидан юридик шахс билан келишилган ҳолда тасдиқланади.
Тўлов тарифлари ҳали тасдиқланмагани боис, ижрочининг аниқ жавобгарлик миқдори белгиланмаган. Намунавий шартноманинг 5.2. бандига асосан Ижрочининг ходими постларда ва патруль йўналишларида асоссиз равишда бўлмаганлиги учун Ижрочи Буюртмачига бир кунлик қўриқлаш хизмати нархининг 10%и микдорида жарима тўлайди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида расман эълон қилинди ва 11.10.2017 йилда кучга кирди.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Зумрад Ниязметова,
адвокат.