Вазирлар Маҳкамасининг 28.03.2019 йилдаги 258-сон қарори билан Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институтининг (бундан кейин – Институт) фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тасдиқланди.
Институт фаолиятини такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари белгиланди. Улар сирасида: ўқув жараёнини, профессор-ўқитувчиларнинг малакасини ошириш тизимини, илмий-маърифий ва халқаро ҳамкорлик фаолиятини такомиллаштириш, талабаларнинг ижтимоий ҳимояланишини ташкил этиш, замонавий АКТни жорий этиш. Уларни амалга ошириш учун ижро этиш муддатлари, масъул шахслар ва бажариш механизми кўрсатилган ҳолда чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.
Институтда янги бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари очилади. Бир ой муддатда тегишли таклифлар Вазирлар Маҳкамасига киритилади.
2020 йилдан бошлаб республиканинг етакчи олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот институтларида Институт учун докторантура (шу жумладан мақсадли таянч докторантура) бўйича қабул квоталари ажратилади. Ўқитувчилар «Эл-юрт умиди» жамғармаси ҳисобидан хорижий давлатларнинг олий таълим муассасаларига докторантура, стажировка ва малака ошириш учун юборилади.
Чирчиқ шаҳридаги иккита: техника (Ломоносов кўчаси, 1-уй) ҳамда саноат касб-ҳунар коллежи (Бобур кўчаси, 22-уй) биноси Институтга берилади. Уларнинг ўқувчилари ўқишни битиргунларига қадар ўқув жараёнини давом эттирадилар.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 29.03.2019 йилдан кучга кирди.
Ленара Хикматова.