Вазирлар Маҳкамаси 26.09.2020 йилдаги 590-сон қарорни қабул қилди, у билан 12.05.2020 йилдаги “Чорвачилик тармоғига давлат томонидан субсидия ажратишни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида” 280-сон ВМҚга ўзгартиришлар киритилади.
Ҳужжат билан 2021-2023 йилларда чорвачилик маҳсулотлари етиштирувчи хўжаликларга улар томонидан қўлда гилам тўқишга ихтисослашган ҳунармандлар ва ташкилотларга сотилган "меринос" зотли қўй ва "ангор" зотли эчкиларнинг жуни учун субсидия ажратиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Субсидия юридик шахсларга "меринос" зотли қўй ҳамда "ангор" зотли эчкилардан қирқиб олиниб, гилам тўқиш учун ҳунармандлар ва ташкилотларга сотилган ҳар бир килограмм жун учун қўй ва эчкиларни парвариш қилиш харажатларининг бир қисмини қоплашга 2 000 сўмдан ажратилади.
Субсидия олиш учун ариза ва зарур ҳужжатлар билан чорвачиликни самарали ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш учун ташкил этилган туман комиссиясига мурожаат қилиш зарур. У 3 иш куни ичида субсиядия ажратиш ёки ажратишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.
Вилоят комиссияси ҳар йили 5 майга қадар келаси йил учун субсидия олувчилар рўйхатини шакллантиради. Мазкур рўйхатлар "Ўзбекчорванасл" агентлигига, шундан кейин Давлат бюджетига киритилиши учун Молия вазирлигига тақдим этилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 1.01.2021 йилдан кучга киради.
Лола Абдуазимова.