Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак оформить возврат товара, проданного более года назад Что меняется в регулировании фармацевтической отрасли, помимо ценообразования Как применить нулевую ставку налога на прибыль и отразить ее в налоговой отчетности

Давлат фармацевтика маҳсулотлари экспортини рағбатлантиради

30.01.2025

Читать на русском языке

Президентнинг 28.01.2025 йилдаги ПФ-13-сон Фармони билан фармацевтика тармоғини жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар белгиланди.

 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигига қўшимча вазифалар юкланди:

  • биологик фаол қўшимчалар ва косметика маҳсулотлари индустриясини ривожлантириш;
  • маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда ҳудудий фармацевтика корхоналарининг инвестиция лойиҳаларини мониторинг қилиш ва ҳисобини юритиш;
  • фармацевтика соҳасини рақамлаштириш ва ахборот дастурларини жорий этиш.

 

Нархларни шакллантиришнинг янги тартиби

 

2025 йил 1 апрелдан чекланган савдо устамалари фақат рецепт билан бериладиган дори воситалари тоифасига нисбатан татбиқ этилади. Бунда маҳаллий ва хорижий дори воситаларига нисбатан амалдаги референт нархни шакллантириш тизими сақлаб қолинади.

 

Рецепт билан бериладиган дори воситалари тоифасини улгуржи ва чакана сотишда уларни етказиб беришда иштирок этувчи воситачилар сонидан қатъи назар, улгуржи савдо учун сотиб олинган (базавий) қийматидан 15 фоиздан ва чакана савдо учун сотиб олинган қийматидан 20 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорларда устама қўлланади. Ушбу дори воситаларининг улгуржи ва чакана нархлари чекланган улгуржи ва чакана референт нархлардан юқори бўлмаслиги шарт.

 

Рецептсиз бериладиган дори воситаларини улгуржи ва чакана реализация қилишда чекланган савдо устамалари қўлланмайди.

 

Бир ишлаб чиқарувчи томонидан турли савдо номлари остида таркиби бир хил бўлган дори воситаларини ишлаб чиқаришда ушбу дори воситаларининг барчасига нисбатан энг паст референт нарх қўлланади (дори моддалари (субстанция) ишлаб чиқарувчиларида фарқ бўлган ҳоллар бундан мустасно).

 

"Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази" томонидан хорижий валютада қайд этилган референт нархлар қуйидаги ҳолларда автоматик равишда (тадбиркор мурожаатисиз) қайта кўриб чиқилади:

  • хорижий валютанинг миллий валютага нисбатан қиймати дори воситасига қайд этилган охирги қийматдан 3 фоиз юқори бўлса - ҳар йилнинг январь ва июль ойларида;
  • хорижий валютанинг миллий валютага нисбатан қиймати дори воситасига қайд этилган охирги қийматдан 5 фоиз юқори бўлса - муддатидан аввал.

 

Фармацевтика маҳсулотлари экспортини қўллаб-қувватлаш

 

Савдога кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан фармацевтика корхоналарининг барқарорлик рейтинги асосида қуйидагилар назарда тутилади:

  • маҳаллий корхона – ишлаб чиқарувчиларнинг дори воситаларидан бирини АҚШнинг "Food and Drug Administration" (FDA) ташкилотида ёки Европа Иттифоқининг "European Medicines Agency" (EMA) ташкилотида рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ харажатларнинг 100 фоизини рўйхатдан ўтказилганини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этгандан сўнг қоплаш;
  • маҳаллий корхона – ишлаб чиқарувчиларнинг фармацевтика маҳсулотларини хорижий давлатларда рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизини рўйхатдан ўтказилганини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этгандан сўнг қоплаш.

 

Шунингдек, Агентликнинг мурожаати бўйича тармоқ корхоналарининг фармацевтика соҳасидаги нуфузли халқаро кўргазма ва ярмаркаларда стендлар билан иштирок этиш харажатларини 100 фоиз олдиндан тўлаш тартиби жорий этилади.

 

Агентлик ҳузурида фармацевтика корхоналари фаолиятига илғор стандартларни жорий қилиш бўйича маркетинг ва консалтинг хизматлари кўрсатишга ихтисослашган "Pharm Service" давлат муассасаси ташкил этилади.

 

Фармацевтика соҳасини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармасининг қўшимча манбалари белгиланди:

  • импорт қилинадиган дори воситаларига нисбатан қўлланиладиган божхона божининг 50 фоизи;
  • фармацевтика маҳсулотларини давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича хизматлардан тушадиган маблағларнинг 10 фоизи;
  • фармацевтика фаолиятини амалга ошириш учун берилган лицензия талабларини, референт нархлар талаблари ва шартларини бузганлик учун тадбиркорлик субъектларидан ундириладиган жарималарнинг 50 фоизи.

 

Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:

  • Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг ташкилий тузилмаси;
  • Фармацевтика соҳасидаги ислоҳотларни янада жадаллаштириш ва аҳолини сифатли дори воситалари билан таъминлаш бўйича чора-тадбирлар режаси.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 29.01.2025 йилдан кучга кирди.

 

Лола Абдуазимова