Вазирлар Маҳкамасининг 11.04.2022 йилдаги “Волонтёрлик фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 169-сон қарори қабул қилинди.
Президентнинг 2021 йил 4 мартдаги “2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ-6181-сон Фармонига мувофиқ 2022 йил 1 июндан бошлаб қуйидагиларни амалга ошириш имконини берувчи Ўзбекистон ёшлар портали негизида яратилган волонтёрлар электрон платформасини ишга тушириш назарда тутилган:
- волонтёрларнинг ижтимоий аҳамиятга молик тадбирлар, лойиҳалар ва акциялардаги иштироки, шунингдек, давлат органлари фаолиятига кўмаклашган даврини қайд этиб бориш;
- волонтёрлар гуруҳига киритилган волонтёрларни ҳисобга олиш;
- ҳудудлар ва фаолият йўналиши бўйича волонтёрлик ёрдамини жалб қилишга қизиқиш билдираётган давлат органлари рўйхати ҳамда уларнинг тадбирлари, лойиҳалари ва акцияларини жойлаштириш;
- давлат органларининг волонтёрлар билан ишлашига оид методик тавсияларни жойлаштириш;
- волонтёрлик фаолиятини чет элда амалга ошириш.
Давлат органларининг вазифалари ва функцияларини волонтёрлик орқали нисбатан самарали ва тежамли шаклда амалга ошириш тартиби тўғрисидаги намунавий низом тасдиқланди.
Низом қуйидагиларни белгилайди:
- волонтёрларни жалб этиш тартиби;
- давлат органлари фаолиятига жалб этилган волонтёрларни ҳисобга олиш;
- волонтёрлар ишини ташкил этиш;
- волонтёрлар ва давлат органининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;
- волонтёрлар билан шартнома тузиш ва уни бекор қилиш тартиби.
Давлат органлари раҳбарлари бир ой муддатда мазкур Намунавий низом асосида давлат органининг вазифалари ва функцияларидан келиб чиқиб, уларни волонтёрлик орқали нисбатан самарали ва тежамли шаклда амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомларни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди. Бундан ташқари, уларга волонтёрлар жалб этиладиган йўналишлар рўйхатини тасдиқлаш топширилди.
Ёшлар ишлари агентлигига бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан ҳар бир ҳудуддаги 5 та энг яхши волонтёрлик лойиҳаларини амалга ошириш учун ҳар бир лойиҳа учун БҲМнинг 200 бараваригача микдорда маблағ ажратиш топширилди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 12.04.2022 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.