Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак выплачивать пособие по временной нетрудоспособности работнику с детьми от разных браков Как поступить с задолженностью по итогам инвентаризации Что изменилось в порядке взаимного учета сумм НДС при импорте Как выплачивать материальную помощь

Давлатнинг молиявий ёрдами билан туризм тикланмоқда

29.05.2020

Читать на русском языке

 

Президент томонидан 28 май куни пандемиянинг салбий таъсирини камайтириш учун туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги Фармон имзоланди.

 

Қуйидагиларни тиклаш бўйича қарор қабул қилинди:

  • ички туризм - 2020 йилнинг 1 июнидан бошлаб “яшил” ва “сариқ” тоифадаги ҳудудларда (бу ерда ва бу ерда қаранг). Бу ерда яна  туроператорлар, турагентликлар, жойлаштириш воситалари, маданият ва маданий мерос объектлари ҳамда соҳанинг бошқа ташкилотлари фаолиятини бошлайди. Шарт - санитария-гигиена меъёрлари ва талабларига қатъий риоя этиш;
  • кириш туризми - босқичма-босқич. Фуқароларига Ўзбекистонга киришга рухсат этиладиган мамлакатлар рўйхати тузилади.

 

Маълумот учун: жойлаштириш воситалари – бу меҳмонхоналар, туризм базалари ва мажмуалари, дам олиш уйлари ва зоналари, пансионатлар, кемпинглар, мотеллар, оилавий меҳмон уйлари, ўтов ва палаткали оромгоҳлар, санаторийлар ва меҳмонхона хизматлари - вақтинча яшаш хизматларини кўрсатадиган бошқа объектлар, шунингдек, тунаш учун қайта жиҳозланган ер усти транспорти.

 

Соҳага иқтисодий “ҳаёт бағишлаш” учун қуйидаги босқичлар кўзланган.

 

Биринчидан, туроператорлар, турагентлар, жойлаштириш воситалари учун:

  • 2020 йил 1 июндан 31 декабрга қадар фойда солиғи ставкаси белгиланган ставкага нисбатан 50%га камайтирилади;
  • 2020 ва 2021 йил якунлари бўйича зарарларни Солиқ кодексида назарда тутилган миқдор билан чекламаган тарзда ўтказиш ҳуқуқи берилади;
  • 2021 йил 1 январгача бўлган даврда туристик (меҳмонхона) йиғимини ҳисоблаш ва тўлаш тўхтатилади.

 

Иккинчидан, жойлаштириш воситаларига алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун маҳаллий йиғимни тўлашни фоизсиз кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) ҳуқуқи тақдим этилди. Муддати - 2021 йил 1 январгача бўлган муддатга. Қўллаш тартиби - солиқ органларини хабардор қилиш ва кейинчалик уларни 12 ой мобайнида тенг қисмларда тўлаш.

 

Учинчидан, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармасидан қўшимча молиялаштириш:

а) 2020 йил 1 июндан 31 декабрга қадар бўлган даврда - қуйидагиларга (Инқирозга қарши курашиш республика комиссияси томонидан мезонлар белгиланади) 12 ой муддатга бир марталик мақсадли фоизсиз ссудалар:

  • туроператорларга - 2019 йилдаги ўртача ойлик иш ҳақи фондининг 3 бараваридан ошмайдиган миқдорда;
  • жойлаштириш воситаларига - ҳар бир ётоқ ўрни учун БҲМнинг 5 баравари миқдорида;

б) Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки фаолиятини ташкил этиш тартибига мувофиқ туризм соҳасидаги “стартап” лойиҳалар ва инновацион бизнес ғояларни, шу жумладан, ахборот дастурлари ва хизматларини  - умумий 1,5 млрд сўм миқдорида қисман субсидиялаш;

в) 2020 йил 1 июндан 2021 йил 31 декабрга қадар бўлган даврда  - грантлар ажратиш:

  • ҳудудларда (Тошкент шаҳри бундан мустасно) хорижий ошхона ёки алоҳида йўналиш бўйича ихтисослашган тематик овқатланиш шохобчалари, овқат ва озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш, шунингдек, сувенир маҳсулотларини етказиб бериш бўйича хизматларни ташкил этиш бўйича лойиҳа ташаббускорларига лойиҳа қийматининг 30%и, лекин ҳар бир лойиҳа учун 100 млн сўмдан ортиқ бўлмаган миқдорда;
  • янги туризм маҳсулотлари ва йўналишларини ишлаб чиқиш ва тарғиб қилишга гидлар учун 5 млн сўм, туроператорлар учун 10 млн сўм миқдорида.

 

Тўртинчидан, давлат томонидан қўшимча кўмак кўрсатиш:

а) Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қуйидагиларни субсидиялаш:

  • жойлаштириш воситаларини қуриш учун тижорат банклари томонидан аввал берилган кредитлар бўйича 2020 йил 1 мартдан 1 июнгача бўлган даврда туризм соҳаси субъектларининг фоиз харажатлари. 2020 йил 1 июндан 2022 йил 1 январгача бўлган даврда субсидиялар фоиз харажатларининг МБ асосий ставкасидан ошган, бироқ 10 фоизлик пунктдан ортиқ бўлмаган қисмига берилади;
  • янги санитария-гигиена талабларига мувофиқлаштириш учун туризм соҳаси субъектларига бериладиган кредитлар бўйича фоиз харажатларининг МБ асосий ставкасидан ошган, бироқ 10 фоизлик пунктдан ортиқ бўлмаган қисми;
  • айланма маблағларни тўлдириш учун туризм соҳаси субъектларига бериладиган 1 млрд сўмгача миқдордаги кредитлар бўйича 2020 йил 1 июндан 31 декабрга қадар бўлган даврда фоиз харажатларининг МБ асосий ставкасидан ошган, бироқ 10 фоизлик пунктдан ортиқ бўлмаган қисми;

б) жойлаштириш воситаларини субсидиялаш кўринишида - 2020 йил 1 июндан 2021 йил 31 декабрга қадар жойлаштириш бўйича хизматлар (меҳмонхона хизматлари) нархининг 10%и миқдорида;

в) Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан:

  • Ўзбекистон резидентлари – туроператорлар ва турагентларга рағбатлантирувчи субсидиялар ажратиш. Тўлов миқдори -  олиб келинган ва хизмат кўрсатилган ҳар бир хорижий турист учун 15 АҚШ доллари миқдорида. Бунда у Ўзбекистонда камида 5 сутка бўлиши керак (истисно - компенсация қилинадиган чартер рейслар орқали олиб келинганлар). Кўмак кириш туризми қайта бошланган кундан эътиборан кириб келувчи хорижий туристларнинг умумий сони 500 минг нафарга етгунга қадар амалга оширилади;
  • туроператорларнинг авиа ва темир йўл чипталари бўйича харажатларини чипта нархининг 30%и миқдорида қисман субсидиялаш кўринишида. Шарт - 10 кишидан иборат хорижий туристик гуруҳлар учун Ўзбекистонда тур ташкил этиш ва уларнинг жойлаштириш воситаларида камида 5 кеча тунаб қолиши. Кириш туризми қайта бошланган кундан эътиборан 2020 йил 31 декабрга қадар тўланади;
  • 2021 йил 1 июнга қадар - меҳмонхоналарга тоифа олиш ёки ошириш учун реновация, реконструкция ҳамда моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича харажатларни олинган тоифани келгуси 3 йил давомида сақлаш шарти билан қоплаш. Қоплаш суммаси меҳмонхонанинг “юлдузи”га боғлиқ ҳолда ҳар бир хона учун ҳисобланади: 3 юлдузли - 5 млн сўм, 4 юлдузли - 10 млн сўм, 5 юлдузли - 15 млн сўм.

 

Бешинчидан, 2020 йил 1 октябрдан бошлаб жойлаштириш воситаларини қуриш учун тижорат банклари томонидан аввал берилган кредитлар бўйича асосий қарз тўлови 18 ойдан 24 ойгача узайтирилади.

 

Олтинчидан, 2022 йил 1 январга қадар юридик шахслар шакллантириладиган рўйхатлар бўйича олиб кириладиган қуйидагилар учун  божхона тўловларини тўлашдан (божхона расмийлаштируви учун йиғимлар ва ҚҚСдан ташқари) озод этилади:

  • дезинфекция ишларини олиб бориш учун жиҳозлар, техникалар, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмлари;
  • бино ва иншоотларни қуриш, реконструкция қилиш ва жиҳозлаш учун алоқасиз бошқариладиган (сенсорли) жиҳозлар;
  • ҳидсиз дезинфекцияловчи воситалар.

 

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси тасарруфидаги техникум ва коллежларга 2020 йилда ўқишга қабул қилинган барча тингловчиларга хушхабар – уларни ўқитиш, истисно тариқасида, давлат гранти асосида амалга оширилади.  

 

Олег Заманов.