Вазирлар Маҳкамасининг 31.12.2020 йилдаги «Самарқанд давлат университетининг Денов тадбиркорлик ва педагогика институти моддий-техника базасини мустаҳкамлаш тўғрисида»ги 823-сон қарори қабул қилинди.
Қарор билан Президентнинг 6.09.2019 йилдаги «Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-5812-сон Фармонига мувофиқ қуйидагилар маълумот учун қабул қилинди:
- бинолари умумий ўрта таълим муассасалари сифатида фойдаланиладиган касб-ҳунар коллежлари рўйхати (кейинги ўринларда – Рўйхат) тасдиқланганлиги;
- Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида жойлашган Сариосиё агросаноат касб-ҳунар коллежи рўйхатга киритилганлиги;
- Вазирлар Маҳкамасига зарур ҳолларда рўйхатга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳуқуқи берилганлиги.
Ҳужжат билан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ва Сурхондарё вилояти ҳокимлигининг собиқ Сариосиё агросаноат касб-ҳунар коллежининг бино ва иншоотларини (кейинги ўринларда – объект) оператив бошқарув ҳуқуқи асосида Денов тадбиркорлик ва педагогика институтига бепул бериш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига:
- Институт томонидан бир ой муддатда объект қабул қилиб олинишини ҳамда ундан мақсадли ва самарали фойдаланилишини;
- Термиз давлат университетининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан 1 млрд сўм миқдоридаги маблағ Институт ҳудудида замонавий типдаги ахборот-ресурс марказини қуриш учун ажратилишини таъминлаш топширилди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 31.12.2020 йилдан кучга кирди.
Баҳодир Бухорий.