Вазирлар Маҳкамасининг 6.06.2019 йилдаги 464-сон қарори билан ташқи савдо операциялари бўйича тўлов интизомини мустаҳкамлашга оид ташкилий чора-тадбирлар қабул қилинди.
Ана шу мақсадда қуйидагилар ташкил этилди:
1) Бош вазир ўринбосари бошчилик қиладиган Вазирлар Маҳкамаси аппарати таркибий бўлинмаларига бириктирилган хўжалик юритувчи субъектларнинг ташқи савдо шартномалари юзасидан дебитор ва кредитор қарздорлигини камайтириш бўйича республика ишчи гуруҳи. Унинг таркибига вазирликлар ва идоралар: ДСҚ, ДБҚ, ССП, иқтисодиёт ва саноат, молия, инвестициялар ва ташқи савдо вазирликларининг раҳбарлари ва бошқалар киритилган. Ишчи гуруҳ доимий равишда фаолият юритади;
2) ҳудудий ва хусусий хўжалик юритувчи субъектларнинг ташқи савдо шартномалари юзасидан дебитор ва кредитор қарздорлигини камайтириш бўйича ҳудудий ишчи гуруҳлар. Вилоят ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосари бошчилик қиладиган уларнинг намунавий таркиби тасдиқланди.
Ишчи гуруҳларга қуйидаги топшириқлар берилди:
- бир ой муддатда жорий йилнинг 1 май ҳолатига кўра экспорт-импорт шартномалари бўйича юзага келган ташқи қарздорликни ҳар бир хўжалик юритувчи субъект бўйича ўрганган ҳолда камайтириш чораларини кўриш;
- 2 ой муддатда хориждан бўнак тўловлари сифатида ўтказилган валюта маблағлари бўйича маҳсулотлар (хизматлар) экспорти ёки импорт қилинган маҳсулотлар (хизматлар) учун тўловлар амалга оширилмаганлиги сабабли ТСОЯЭАТда жорий йилнинг 1 май ҳолатига кўра қарздорлик билан ҳисобда турган шартномаларни тўлиқ хатловдан ўтказиш ҳамда асоссиз сақланиб турган қарздорликларни ҳисобдан чиқариш ҳақида қарор қабул қилиш;
- экспорт шартномалари бўйича валюта маблағларининг республикага келиб тушиши ҳамда тўловлари амалга оширилган импорт шартномалари бўйича маҳсулотларнинг етказиб берилиши (хизматлар кўрсатилиши) устидан доимий мониторинг олиб бориш (республика ишчи гуруҳи) ва б.
МБ ва тижорат банклари Ҳисоб палатаси, ДБҚ, ДСҚ ва Молия вазирлиги билан ҳамкорликда ТСОЯЭАТда жорий йилнинг 1 май ҳолатига кўра муддати ўтган дебитор ва 1 йилдан ортиқ даврдан буён мавжуд бўлган кредитор қарздорлик билан ҳисобда турган шартномаларни тўлиқ хатловдан ўтказади. Бундай шартномалар бўйича маълумотлар республика ва ҳудудий ишчи гуруҳларга ҳар ой киритилади.
Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги (ЛБМА) ТСОЯЭАТ фаолиятига масъул давлат органи ҳисобланади.
ДСҚ 2 ой муддатда ТИФнинг ноҳалол иштирокчилари рўйхатини юритиш ва уларнинг олдига:
- экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда фақат кафолатланган тўлов турларидан фойдаланиш талабини қўйиш;
- ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини вақтинча чеклашгача бўлган чораларни кўришни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқади.
Шунингдек ҳужжатда ишчи гуруҳлар, МБ, ДСҚ ва хўжалик юритувчи субъектлар иштирокида ташқи савдо операциялари бўйича тўлов интизомини мустаҳкамлашга оид босқичма-босқич схема берилган.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 7.06.2019 йилдан кучга кирди.
Ленара Хикматова.