Президент 21.06.2017 йилдаги “Маҳаллий экспорт қилувчи ташкилотларни янада қўллаб-қувватлаш ва ташқи иқтисодий фаолиятни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Бу ҳақда ЎзА хабар беради.
Мазкур фармоннинг қабул қилиниши илгари эълон қилинган эди. Батафсил – бу ерда.
1.07.2017 йилдан шундай тартиб жорий этилмоқдаки, унга кўра:
биринчидан, тадбиркорлик субъектларига янги мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотлари ҳақини олдиндан 100 фоиз тўлаш шарти билан тўғридан-тўғри шартномалар асосида экспорт қилишга рухсат этилади;
Бу муҳим! “Ўзагроэкспорт” АЖнинг бу соҳадаги монополияси бекор қилинди.
иккинчидан, ўзи ишлаб чиқарган товарларни хорижий валютага уларнинг таннархидан паст нархлар бўйича мустақил равишда ёки вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмаларининг ташқи савдо ташкилотлари орқали экспорт қилувчи ташкилотларга, Президентнинг 2012 йил 26 мартдаги ПҚ-1731-сон қарори билан ташкил этилган Маҳсулотларни жаҳон бозорида ҳақиқий вужудга келган, шу жумладан, таннархидан паст нархлар бўйича экспорт қилиш масалаларини кўриб чиқувчи махсус эксперт комиссияси қарорлари асосида, солиқ солиш мақсадида товарларни (ишлар, хизматларни) сотишдан олинган тушумлар миқдори товарларни (ишлар, хизматларни) сотишнинг ҳақиқий нархидан келиб чиққан ҳолда аниқланади;
учинчидан, ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотларни экспорт қилувчи ташкилотлар учун амалда бўлган имтиёзлар ва преференциялар ўзлари эгаси бўлган маҳсулотларни экспорт қилувчи ташкилотларга татбиқ этилади;
тўртинчидан, илгари фойдаланишда бўлган машиналар, асбоб-ускуналар ва механизмларни улар тайёрланган вақтдан бошлаб 5 йил ўтгандан кейин экспорт қилиш Ҳукуматнинг қарорларисиз амалга оширилади;
Эслатиб ўтамиз, илгари асбоб-ускуналарни Ҳукумат қарорисиз экспорт қилиш учун машиналар, асбоб-ускуналар ва механизмларнинг тўлиқ эскириши ёки уларни экспорт қилувчи корхона томонидан сотиб олинганига 5 йил тўлиши талаб қилинар эди. Бундай ўзгартиришлар Президентнинг 2005 йил 11 мартдаги "Экспорт-импорт операцияларини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-26-сонли қарорига киритилди. Бундан ташқари, бундай экспорт фақат устав жамғармасида давлат улуши бўлмаган корхоналарга рухсат бериларди. Бунда, илгари бўлгани каби, Ҳукуматдан рухсатнома олиш кўринишидаги экспортга чекловлар қонун ҳужжатларида белгиланган ТН ТИФнинг айрим гуруҳларига нисбатан амал қилади.
бешинчидан, ишлаб чиқариладиган ва четдан олиб кириладиган маҳсулотларга мувофиқлик сертификатларини бериш муддати 3 иш кунигача қисқартирилади.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Самир Латипов.