Вазирлар Маҳкамасининг 01.05.2024 йилдаги “Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигининг аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидиялар ажратиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида” 255-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш, уруғликлар, кўчатлар ва суғориш воситалари харид қилиш учун субсидия фақат томорқа ер эгасига ажратилиши ҳақидаги талаб бекор қилинди. Тегишли ўзгартиришлар Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигининг Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидиялар ажратиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 3,6 ва 7-бандларига киритилди. Юқорида кўрсатиб ўтилган бандларнинг янги таҳририда “талабгор” термини ишлатилган.
Бундан ташқари, енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш, уруғликлар, кўчатлар ва суғориш воситалари харид қилиш учун бериладиган субсидиялар миқдори бекор қилинди. Энди субсидия миқдори Агентликнинг ҳудудий бошқармаси, етказиб берувчи ташкилот ва талабгор ўртасида тузилган уч томонлама шартнома шартларига боғлиқ бўлади. Тегишли ўзгартириш Низомнинг 3-бандига киритилган.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида давлат тилида эълон қилинган ва 02.05.2024 йилдан кучга кирди.
Саодат Усманова