Президентнинг 07.12.2022 йилдаги «Ер ости сув ресурсларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланишни тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-439-сон қарори қабул қилинди.
2023 йил 1 январдан бошлаб ўртача сатҳга нисбатан сув сатҳи 5 метрдан ортиқ пасайиб кетган ҳудудларда қуйидагилар тақиқланади:
- ерларни суғориш ва ишлаб чиқариш мақсадларига гидрогеологик хулоса бериш,
- қудуқларни бурғилаш ҳамда мавжуд қудуқлардан ерларни сув тежовчи технологияларсиз суғориш.
Тасдиқланган давлат дастурлари доирасида чуқурлиги 25 метргача бўлган қудуқларни бурғилаш ҳамда суткасига 5 м3 гача ҳажмдаги ер ости сувларини якка тартибда олиш бундан мустасно.
Сув сатҳи пасайган ҳудудларда ер ости сувларига қудуқларни бурғилашга гидрогеологик хулоса ва сувдан махсус фойдаланишга рухсатнома Давгеолқўм томонидан берилади:
- қишлоқ хўжалиги экин майдонларини суғориш мақсадлари учун – сув тежовчи технологияларни жорий этиш шартлари билан Сув хўжалиги вазирлиги билан келишилган ҳолда;
- ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун – сувдан тежамли фойдаланиш шартларига асосан Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан келишилган ҳолда.
Қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда сув тежовчи технологиялардан (томчилатиб, ёмғирлатиб, дискрет ва бошқалар) фойдаланилмаганда бурғи қудуқларидан фойдаланиш Давгеолқўм ҳузуридаги Кон-геология фаолиятини назорат қилиш инспекцияси томонидан тақиқланади.
Ўрнатилган тартибга мувофиқ, 2023 йил 1 апрелдан бошлаб:
- Давгеолқўм томонидан юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга (кейинги ўринларда – бурғиловчи субъектлар) ер ости сувларига қудуқларни бурғилаш фаолиятига рухсатнома беришнинг янги тартиби жорий этилади;
- бурғиловчи субъектларга ўз тасарруфидаги бурғилаш ускуналарини GPS-трекерлар билан жиҳозлаш ва уларни доимо ишчи ҳолатда сақлаш мажбурияти юклатилади;
- қонунчиликда назарда тутилган тегишли техник ҳужжатларга эга бўлмаган бурғилаш ускуналари ёрдамида ер ости сувларига қудуқларни бурғилаш тақиқланади ва Инспекция томонидан бундай ҳолатлар аниқланган тақдирда, бурғилаш ускуналарини мусодара қилиш юзасидан судга мурожаат этилади.
Ер ости сувларига қудуқларни бурғилаш фаолиятига рухсатноманинг талаб ва шартларини бажармаганлик унинг амал қилишини тўхтатиб туришга, гидрогеологик хулосасиз бурғилаш ишларини олиб бориш эса рухсатномани бекор қилишга асос бўлади.
Ер ости сув олиш иншоотларига (бурғи қудуғи, булоқ каптажи) эга бўлган барча ер ости сувларидан фойдаланувчиларга йиллик сув олиш миқдори тўғрисидаги ҳисоботни Давгеолқўмнинг ҳудудий гидрогеология станцияларига топшириш мажбурияти юкланади.
Вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари томонидан шакллантириладиган ер ости сувлари ҳисобига сув таъминотини яхшилаш бўйича истиқболли дастурлар Давгеолқўм билан келишилиши шарт.
Ер ости сувларидан фойдаланувчилар 2024 йил 1 январга қадар ер ости сувларидан фойдаланишнинг аниқ ҳисобини юритиш мақсадида ўз тасарруфидаги ер ости сув олиш иншоотларини сув ҳисоблаш воситалари билан белгиланган тартибда жиҳозлашлари шарт.
Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланган:
- Ер ости сувларига қудуқ бурғилаш ва улардан фойдаланиш бўйича мораторий жорий этиладиган, ер ости сувлари сатҳи пасайиб кетаётган ҳудудлар рўйхати;
- Ер ости сув сатҳи пасайиб кетаётган ҳудудларда сувдан оқилона фойдаланиш ва сув сатҳи камайишининг олдини олиш бўйича комплекс чора-тадбирлар режаси;
- Ҳудудларда ер ости сув ресурсларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари миллий базасида эълон қилинган ва 12.12.2022 йилдан кучга кирган.
Лола Абдуазимова.