Қишлоқ хўжалиги соҳасига тааллуқли бўлмаган, фойдаланилмаётган ер участкасига бўлган ҳуқуқларни бекор қилиш учун асос ҳисобланадиган муддат қисқартирилади. Ер кодексининг 36-моддаси 10-бандига тегишли тузатишлар киритилди (4.04.2019 йилдаги ЎРҚ–533-сон Қонун).
Айни пайтда ушбу муддат 3 йилни ташкил этади, бироқ тузатишлар кучга киргач, 2 йилгача қисқартирилади. Бу фақат қишлоқ хўжалиги соҳасига тааллуқли бўлмаган эҳтиёжлар (саноат корхоналари, темир йўл ва автомобиль йўллари, алоқа ва электр узатиш линиялари, магистрал қувурлар ва бошқаларни қуриш) учун берилган ер участкаларига тегишли.
Ерга бўлган ҳуқуқларни тугатиш ушбу ҳолда ердан фойдаланиш ҳамда уни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга оширувчи органларнинг тақдимномасига кўра, ҳуқуқлар тугатилишининг асосли эканлигини тасдиқловчи ҳужжатлар асосида тегишинча туманлар, шаҳарлар, вилоятлар ҳокимларининг қарорлари ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан амалга оширилади. Юридик ва жисмоний шахслар норози бўлган тақдирда, ушбу қарорлар устидан судга шикоят қилиши мумкин.
Ушбу асосга кўра унга бўлган ҳуқуқлар тугатилган ер участкаси Ер кодексининг 38-моддасида (ўзгартиришсиз қолдирилди, таҳр.) назарда тутилган тартибда олиб қўйилади.
Қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун берилган ер участкалари бўйича муддат (у ўтказиб юборилганда фойдаланилмаётган участка олиб қўйилади, таҳр.) ўзгармади ва 1 йилни ташкил этади.
Қонун «Халқ сўзи» газетасида чоп этилган, тузатишлар 6.07.2019 йилдан кучга киради.
Олег Заманов.