Президент томонидан 25.01.2022 йилдаги “Ёшлар билан ишлаш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар киритиш тўғрисида ”ги ЎРҚ-747-сон Қонун имзоланди.
Юқорида кўрсатилган Қонун билан қуйидаги ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди:
- 29.09.2010 йилдаги “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги ЎРҚ-263-сон Қонун;
- 14.05.2014 йилдаги “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги ЎРҚ-371-сон Қонун;
- 14.09.2016 йилдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги ЎРҚ-406-сон Қонун;
- 08.09.2017 йилдаги “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ЎРҚ-444-сон Қонун.
Ҳужжатларга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар Ёшлар ишлари агентлиги билан боғлиқ. Улар қуйидагилардан иборат:
биринчидан, ЎРҚ-263-сон Қонундаги қўшимчага кўра, Агентлик ўз фаолияти давомида мавжуд бўлган маълумотлар тўғрисида тегишли органларни хабардор қилувчи давлат органлари рўйхатига киритилди. Хусусан, у вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги, ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган ҳамда давлатнинг ижтимоий ёрдамига муҳтож бўлган вояга етмаганлар ва оилалар аниқланганлиги тўғрисида зудлик билан хабардор қилади.
- Агентлик вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасини амалга оширувчи органлар ҳамда муассасалар тизимига киритилди ҳамда 17-1-моддага кўра унинг ваколатлари белгиланди.
иккинчидан, ЎРҚ-371-сон Қонунга киритилган қўшимчага кўра, Агентлик ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи органлар ва муассасалар тизимига қўшилди ва 19-1-моддага кўра, унинг ҳуқуқбузарликлар соҳасидаги ваколатлари белгиланди.
учинчидан, ЎРҚ-406-сон Қонунга киритилган қўшимчага кўра, Агентликни 7-1-моддага мувофиқ ёшларга оид давлат сиёсати соҳасидаги ваколатлари белгиланди.
тўртинчидан, ЎРҚ-444-сон Қонунга киритилган қўшимчага кўра, Агентлик болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилишни амалга оширувчи органлар ва ташкилотлар тизимига қўшилди ҳамда 12-1-моддага кўра, унинг шу соҳадаги ваколатлари белгиланди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 26.01.2022 йилдан кучга кирди.
Саодат Усманова.