Президент томонидан 05.10.2024 йилдаги “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига гиёҳвандлик воситаларининг, улар аналогларининг ёки психотроп моддаларнинг, шунингдек кучли таъсир қилувчи ва заҳарли моддаларнинг қонунга хилоф муомаласига қарши курашишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги ЎРҚ-971-сонли Қонун имзоланди.
Қуйидагилар учун жавобгарлик кучайтирилмоқда:
- телекоммуникация ва Интернет тармоқларидан фойдаланган ҳолда гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласи;
- ушбу жиноятларни вояга етмаганларни жалб қилган ҳолда содир этиш.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилаётган қўшимчаларга кўра:
- гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар ҳисобланмайдиган кучли таъсир қилувчи моддаларни, гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини ёки психотроп моддаларни тарғиб қилувчи маҳсулотни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш мақсадида тайёрлаш, худди шунингдек уларни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш, шу жумладан ОАВ, телекоммуникация тармоқлари ёки Интернетда тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш, фуқароларга БҲМнинг 100 бараваридан 150 бараваригача, мансабдор шахсларга эса – 150 бараваридан 200 бараваригача миқдорда жарима солишга ёхуд 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади;
- гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар ҳисобланмайдиган алоҳида тоифадаги кучли таъсир қилувчи моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки жўнатиш БҲМнинг 1 бараваридан 2 бараваригача миқдорда жарима солишга ёхуд 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Жиноят кодексига киритилаётган моддага кўра, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар ҳисобланмайдиган алоҳида тоифадаги кучли таъсир қилувчи моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки жўнатиш, ўша ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган булса БҲМнинг 50 бараваригача миқдорда жарима ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 05.10.2024 йилдан кучга кирди.
Собир Нурбердиев