Умумий ўрта таълим ва ихтисослаштирилган мактабларнинг ҳарбий-ватанпарварлик йўналишига ихтисослаштирилган синфлари тўғрисида низом тасдиқланди (17.04.2020 йилдаги 237-сон ВМҚга қаранг).
Тасдиқланган рўйхатдаги 56 та мактабда, Қорақалпоғистон, ҳар бир вилоят ва Тошкентда 4 тадан мактабда ихтисослаштирилган синфлар очилади. Пойтахтдагилари – Юнусобод туманидаги 58-сон, Яшнобод туманидаги 161-сон ва Яккасарой туманидаги 172-сон умумтаълим мактаблари, шунингдек Олмазор туманидаги 326-сон ихтисослаштирилган мактаб.
Ихтисослаштирилган синфларда ўқиш муддати 5 йилдан (7-11 синфлар) иборат бўлади. Тегишинча, 6-синфни муваффақиятли якунлаган ўқувчилар (ўғил ва қиз болалар) қабул қилинади. 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб ихтисослаштирилган синфларга 30 тадан ўқувчи олинади. Бунинг учун танловдан ўтиш керак бўлади.
Номзодлардан ҳужжатлар 1-20 июль кунлари қабул қилинади. Сўнг жисмоний тайёргарлик синовлари (21 июлдан 5 августгача), тегишли фанлар бўйича тест синовлари (15-25 август) ўтказилади. Жисмоний тайёргарлик синовлари доирасида 60 ва 1000 метрга югуриш, югуриб келиб узунликка сакраш, тўпни улоқтириш, шунингдек баланд турникда тортилиш (ўғил болалар) ва гардишни 1 дақиқагача белда айлантириш (қиз болалар) 100 баллик тизим бўйича баҳоланади. Нормативлар бўйича 70 ва ундан юқори балл тўплаган номзодларгина тест синовларига қўйилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 18.04.2020 йилдан кучга кирган.