Президентнинг 23.08.2017 йилдаги «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистондаги Ислом маданияти марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Ҳужжатни ЎзА тарқатди.
Марказнинг вазифалари қуйидагилардан иборат – ислом дини одамларни, барча миллат ва халқларни ҳамиша нурли ҳаётга, эзгулик, ўзаро дўстлик ва инсонийликка даъват этишини, унинг асл, гуманистик мазмунини теран таҳлил этишга қаратилган илмий тадқиқотлар, жаҳон аҳлини бир мақсад йўлида – жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш йўлида бирлашишга чорлайдиган турли анжуманлар, маърифий тадбирларни амалга ошириш.
Марказ шунингдек, ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган буюк ватандошларимиз – Имом Бухорий, Имом Термизий, Ҳаким Термизий, Абу Мансур Мотурудий, Абу Муин Насафий, Қаффол Шоший, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Нажмиддин Кубро, Бурҳониддин Марғиноний, Баҳоуддин Нақшбанд, Хўжа Аҳрор Валий каби алломаларнинг беназир меросини илмий асосда чуқур тадқиқ этиш, уларнинг илмий-маънавий жасорати, улуғ инсоний фазилатларини кенг тарғиб қилиш билан ҳам шуғулланади.
Шу билан бирга, Марказ жаҳон илм-фани тарихида ўчмас из қолдирган Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Наср Форобий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али Ибн Сино, Маҳмуд Замаҳшарий, Мирзо Улуғбек, Али Қушчи каби олим ва мутафаккирлар меросининг тарихий ва замонавий цивилизация тараққиётидаги ўрни ва аҳамиятини, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Камолиддин Беҳзод, Маҳмуд Музаҳҳиб сингари мумтоз адабиёт ва санъат намояндалари ижодининг инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб беради.
Марказнинг ташкилий тузилмасини Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган директор бошқаради. Марказ фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва мувофиқлаштириш Васийлик кенгаши зиммасига юклатилади.
Марказнинг маъмурий ва асосий бинолари, унинг таркибидаги кутубхона ва музейни ҳисобга олган ҳолда, Тошкент шаҳридаги Ҳазрати Имом (Ҳастимом) мажмуасига ёндош ҳудудда қурилади.
Бунда Марказ учун олиб келинадиган, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган қурилиш материаллари, асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар, мебеллар, инвентарь ва жиҳозлар 2022 йил 1 январга қадар божхона тўловларидан (божхона йиғимларидан ташқари) озод қилинади. Улар мамлакатимизда ишлаб чиқарилиши ёки чет элдан келтирилишидан қатъи назар тендер ўтказмасдан энг яхши намуналар бўйича таклифлар асосида сотиб олинади.
Пудратчига чет элдан келтириладиган юкларни омбор майдонларида (ИМ-74) (божхона омбори) божхона режимида жойлаштиришга рухсат берилади.
ТИВ ва ИИВ Марказни ташкил этиш, унинг фаолиятини ривожлантириш ҳамда ушбу муассаса томонидан келгусида ўтказиладиган тадбирларда иштирок этадиган тегишли хорижий мутахассисларга визалар (жумладан, кўп марталик) берилиши ва уларнинг муддати узайтирилишини, вақтинча пропискадан ўтказилиши ва унинг муддати узайтирилишини таъминлайди. Бунда консуллик йиғимлари ва давлат божи ундирилмайди.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Самир Латипов.