Президент томонидан 14.08.2024 йилдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига суд ҳокимиятининг мустақиллиги кафолатларини мустаҳкамлашга, судлар фаолияти ҳақида жамоатчиликни хабардор қилишга хамда ягона суд амалиётини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-943-сон Қонун имзоланди.
“Давлат божи тўғрисида”ги Қонунга киритилаётган қўшимчага кўра, ҳукмларнинг дубликатлари ва кўчирма нусхаларини берганлик учун ҳужжатнинг ҳар бир бети учун БҲМнинг 2% миқдорда бож ундирилади.
Маълумот учун: ҳукм эълон қилинганидан кейин уч суткадан кечиктирилмай, ҳажми катта бўлган тақдирда эса, ўн суткадан кечиктирилмай, унинг нусхаси маҳкумга ва оқланган шахсга берилиши лозим. Бошқа тарафларга ҳукм нусхаси ёки унинг кўчирмаси шу муддатда, уларнинг илтимосларига асосан берилади.
Агар маҳкум қамоқда сақланаётган бўлса, ҳукмнинг кўчирма нусхаси унга қамоқда сақлаш жойининг маъмурияти томонидан ҳукм келиб тушган куни тилхат олиб топширилади, тилхат кўчирма нусха топширилган сана ва вақт кўрсатилган ҳолда судга тақдим этилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 14.08.2024 йилдан кучга кирди.
Собир Нурбердиев