Адлия вазирининг 07.03.2023 йилдаги 3422-сон буйруғи билан Нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари суд экспертларининг касб этикаси қоидалари тасдиқланди.
Касб этикаси қоидаларининг мақсади – нодавлат суд-экспертиза ташкилотларида юксак касбий маданиятни шакллантириш, жамоатчилик онгида суд-экспертлик фаолиятига бўлган ҳурмат ва ишончни ошириш ҳамда нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари суд экспертларининг одоб-ахлоқ қоидаларига зид бўлган хатти-ҳаракатларининг олдини олиш.
Қоидалар қуйидагиларни белгилайди:
- касб этикасига оид асосий принциплар;
- суд экспертларининг касб этикасига қўйиладиган талаблар.
Қуйидагилар суд экспертлари фаолиятининг асосий принциплари ҳисобланади:
- суд экспертининг мустақиллиги;
- суд-экспертлик фаолиятини амалга оширишда қонунийликка риоя қилиш;
- суд-экспертлик фаолиятини амалга оширишда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этиш;
- тадқиқотларнинг холислиги ва тўлиқлиги.
Суд экспертига қўйиладиган асосий талаблар:
- хизмат вазифаларини виждонан ва юқори профессионал даражада бажариш;
- меҳнат интизоми, касб этикаси ва иш юритиш қоидаларига қатъий риоя қилиш, иш вақтидан оқилона ва самарали фойдаланиш;
- суд-тиббий экспертизасини ўтказиш учун зарур ускуна ва материаллардан фақат хизмат мақсадларида фойдаланишни таъминлаш;
- хизмат мавқеидан фойдаланмаслик;
- ўз фаолиятида коррупциявий ҳолатлар вужудга келишининг олдини олиш ва бошқалар.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 07.03.2023 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.