Вазирлар Маҳкамасининг 13.07.2022 йилдаги “Ички ишлар органлари томонидан конвой ҳаракатларини амалга оширишда электрон браслетлардан фойдаланишни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 383-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан қуйидагилар белгиланди:
- конвой остидаги шахсларнинг қочиш ҳолатларининг барвақт олдини олиш мақсадида уларни конвой қилиш жараёнини онлайн тарзда кузатиш тизими жорий этилади;
- конвой остидаги шахслар қочишга уринган (электрон браслетни ечиш, шикаст етказиш, конвойчи ходимдан узоқлашиш ва бошқа) ҳолатлар ҳақидаги товушли ва визуал хабарни онлайн режимида автоматик тарзда тегишли шахсларга узатиш имконияти яратилади;
- конвой ҳаракатлари давомида қочиб кетган конвой остидаги шахсларни уларга тақилган электрон браслетлардан узатилаётган «GPS» сигналларига мувофиқ «иссиқ изи»дан ушлаш чораларини кўриш йўлга қўйилади.
Қарор билан қуйидагилар тасдиқланди:
- Ички ишлар органлари томонидан конвой ҳаракатларини амалга оширишда электрон браслетлардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом. У қуйидаги тартибларни белгилайди:
- конвой ҳаракатларини амалга ошириш жараёнида электрон браслетлардан фойдаланиш;
- конвой бўлинмалари ва вақтинча сақлаш ҳибсхоналари учун ажратилган электрон браслетларни сақлаш ва улардан хизматда фойдаланиш;
- электрон браслетга шикаст етказилганда ёки йўқотилганда моддий зарарни ундириш;
- электрон браслетларни қўллаш жараёнида конвой бўлинмалари ходимлари ҳамда конвой қилинувчиларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларини;
- Ички ишлар органлари бўлинмаларини электрон браслетлар билан таъминлаш дастури.
Шунингдек, белгиландики, электрон браслетларни харид қилиш ва фойдаланиш билан боғлиқ сарф-харажатлар Ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 14.07.2022 йилдан кучга кирди.
Саодат Усманова.