Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Какой ГТД учесть для определения покупной стоимости импортируемых лекарств Как отчитаться по холодной воде за апрель 2025 года Если возникают сложности с участками сельхозназначения в налоговой отчетности Как производить и учитывать выплаты по возмещению вреда здоровью работника Как рассчитать НДС налоговому агенту при приобретении товаров (услуг) от иностранных лиц

ИИО ходимлари учун хизмат тартиби ва ижтимоий кафолатлар қандай

07.12.2017

 

Президентнинг 29.11.2017 йилдаги ПҚ-3413-сон “Ички ишлар органлари кадрлари билан ишлаш ва уларнинг хизматини ташкил этиш тартибини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

 

ИИВнинг кадрларга доир янги вазифалари белгиланди

 

ИИВнинг кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш соҳасидаги иши қониқарсиз деб топилди. Шу муносабат билан идора олдига қуйидаги вазифалар қўйилди:

  • ИИОда юқори хизмат интизомини таъминлаш;
  • барқарор профессионал кадрлар таркибини шакллантириш;
  • мураббийликнинг самарали тизимини жорий этиш;
  • кўп даражали кадрлар резервини шакллантириш ва бошқалар.

 

ИИВ ОТМда таълим олган битирувчилар томонидан ишлаб бериш тартиби, кадрлар ротацияси, ходимларнинг пенсия ёши регламентланди

 

ИИВ ОТМ битирувчилари ўқишни тугатгандан кейин 5 йил мобайнида ИИО ва бошқа давлат органларида (йўлланма бўйича тақсимлашда) узлуксиз хизматни олиб бориши шарт.

 

ИИО раҳбарлик таркибининг ротацияси эгаллаган лавозимида 3 йил бўлгандан кейин амалга оширилади.

 

Таҳририятдан. Қарор билан тасдиқланган Ички ишлар органларида хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низомдан келиб чиққан ҳолда, ротация деганда ИИО ходимини эгаллаб турган лавозимидан бошқа лавозимга ўтказиш тушунилади.  Қайд этиш жоизки, ҳам юқори турувчи ёки тенг аҳамиятли лавозимга, ҳам паст турувчи лавозимга ўтказиш қуйидаги тартибда йўл қўйилади:

  • юқори турувчи лавозимга – хизмат бўйича кўтарилиш ёки рағбатлантириш тартибида;
  • тенг аҳамиятли лавозимга – ходимнинг шахсий илтимоси, соғлиғининг ҳолати (ҳарбий-врачлик комиссияси хулосаси асосида), оилавий аҳволи бўйича, суд қарори асосида лавозимдан четлатиш ёки бўш лавозимларни тўлдириш зарурати вужудга келганда ходимнинг профессионал ва шахсий сифатларини инобатга олган ҳолда унинг эгаллаб турган лавозими бўйича амалий тажрибасидан фойдаланиш мақсадида, шунингдек ташкилий-штат ўзгаришларида;
  • паст турувчи лавозимга - ходимнинг шахсий илтимоси, соғлиғининг ҳолати (ҳарбий-врачлик комиссияси хулосаси асосида), оилавий аҳволи бўйича, уни аттестация тартибида эгаллаб турган лавозимига мувофиқ эмас деб топилган ҳолатда, интизомий жазо сифатида эгаллаб турган лавозимидан озод этиш, шунингдек ташкилий-штат ўзгаришларида ёки тенг аҳамиятли лавозимга ўтказиш имконияти бўлмаганда суд қарори асосида лавозимдан четлатиш.

 

Қуйидагилар учун хизматда бўлишнинг чекланган ёши ўрнатилди:

  • оддий аскарлар ва сержантлар таркиби ходимлари, шунингдек аёллар (махсус унвон мавжудлигидан қатъи назар) учун – 50 ёш;
  • офицерлар таркиби ходимлари – 55 ёш;
  • генераллар таркиби ходимлари – 60 ёш.

 

ИИО ходимлари томонидан пенсия олиш ҳуқуқи 20 календарь йиллик хизмат муддати  ўталгандан кейин юзага келади. Ходимларнинг болалари яшаш жойи ёки хизмат ўташ жойи бўйича мактабгача таълим муассасаларига навбатдан ташқари қабул қилинади.

 

Ёмон иш учун – жарима, яхши иш учун – пул мукофоти, ҳалол ходимлар учун – мукофотлар

 

ИИО профилактика инспекторлари ва тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширадиган тезкор ходимлари иши ҳар чоракда таҳлил қилинади. Баҳолаш натижаларига кўра лавозим маошига нисбатан 50% миқдорда пул ушлаб қолиш ёки мукофотлаш қўлланиши мумкин:

  • профилактика инспекторларига – бириктирилган ҳудудда ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларни эрта профилактика қилиш учун;
  • тезкор ходимларга – оғир ва ўта оғир жиноятларни аниқлаш ва фош қилганлик, яширинган шахсларнинг қидирув ҳолати учун.

 

Ташаббускор ва ҳалол ходимлар юқори хизмат интизоми ва бенуқсон узлуксиз хизмати учун қуйидаги идора кўкрак нишонлари билан тақдирланади:

  • I, II ва III даражали «Ички ишлар органларида бенуқсон хизматлари учун»;
  • «Ички ишлар органларининг фахрий ходими». 

 

Бироқ, ИИО ходимларига хизмат интизомини қўпол равишда бузганлиги, хизмат бурчига масъулиятсиз ёндашганлиги ва паст иш самарадорлиги учун лавозим маошига нисбатан 50% миқдорда жарима солиниши мумкин.

 

Ижтимоий кафолатлар

 

Ҳужжат билан:

  • уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтожларга ЭКИҲнинг 1000 бараваригача миқдорда 5 йил муддатга фоизсиз қарз ажратиш;
  • тўй тантаналарини ўтказиш учун пул таъминотининг 2 бараваригача миқдорда ва оғир касалликлардан даволаниш учун 5 бараваригача миқдорда бир йўла моддий нафақаларни тўлаш;
  • пул мукофотлари, қимматбаҳо совғалар билан тақдирлаш, маданий-оммавий, кўнгилочар-томоша ва бошқа дастурлар;
  • ҳар йили болалар соғломлаштириш оромгоҳлари ва санаторийларига бепул йўлланмалар тақдим этиш кўзда тутилмоқда.

 

Маълумот учун. Ҳужжат доирасида Қашқадарё, Навоий, Сирдарё, Сурхондарё ва Хоразм вилоятларида идорага мансуб даволаш-профилактика муассасаларини қуриш, Қорақалпоғистонда госпитални реконструкция қилиш, идорага мансуб ДПМ ва санаторийларнинг койка фондини ошириш режалаштирилган.

 

Бу – муҳим! Кўрсатилган кафолатлар ҳар йили ИИВнинг Махсус бюджетдан ташқари жамғармасининг 10% маблағлари ҳисобидан таъминланади ва фақат амалдаги интизомий жазога эга бўлмаган ходимларга татбиқ этилади.

 

Мураббийлик учун – устама

 

Мутахассислиги бўйича камида 5 йил хизмат ўтаган, хизмат бўйича ижобий кўрсаткичларга ва тарбиявий ишларда кўникмаларга эга тажрибали ходимлар мураббий ҳисобланади. Уларга:

  • офицерлар таркибидан 1 нафар ходим,
  • сержантлар таркибидан 3 нафаргача ходим,
  • оддий аскарлар таркибидан 5 нафаргача ходим бириктирилади.

 

Қуйидагилар бириктирилган мураббийларга лавозим маошига нисбатан 20% миқдорда ҳар ойлик устама тўланади:

  • хизматга биринчи марта қабул қилинган ходимлар;
  • ИИВ ОТМнинг кундузги таълим шакли, шу жумладан касбий тайёргарлик факультети битирувчилари.

 

Мураббийлар таълимга ва бириктирилган ходимлар тарбиясига масъулиятсиз муносабатда бўлганлиги ва улар томонидан хизмат интизоми бузилганлиги учун интизомий жавобгарликка тортилади.

 

Интизомий кенгашлар ташкил этилади

 

Уларнинг вазифаси – ИИО тизимида юқори хизмат интизомини қўллаб-қувватлаш. Улар фаолиятининг асосий йўналишлари:

  • ҳалол ходимлар меҳнатини рағбатлантириш: уларга нисбатан ички ишлар органларида амалда бўлган рағбатлантириш чораларини кўриш ва ижтимоий имтиёзлар тақдим этиш тўғрисида илтимоснома бериш;
  • жамоада юзага келадиган низоли вазиятларни ҳал қилиш, масъулиятсиз ва ножўя иш содир этган ходимларни интизомий жавобгарликка тортиш тўғрисида қарор чиқариш.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида расман эълон қилинган ва 30.11.2017 йилда кучга кирди.

 

Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.  



Ленара Хикматова.