Вазирлар Маҳкамасининг 20.05.2021 йилдаги “Ички ишлар органлари таянч пунктларининг профилактика (катта) инспекторларини 2021-2023 йилларда хизмат уй-жойлари билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 317-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан 2021-2023 йилларда ички ишлар органлари таянч пунктларининг профилактика инспекторларини бевосита улар хизматни ўтайдиган ҳудудда жойлашадиган хизмат уй-жойлари билан таъминлаш дастури тасдиқланди.
Дастур қуйидагиларни назарда тутади:
- Жами - 2 965 та, шундан 2021 йилда 993 та, 2022 йилда 988 та ҳамда 2023 йилда 984 та уй-жойни янгидан қуриш;
- Жами - 223 та, шундан 2021 йилда 80 та, 2022 йилда 72 та ҳамда 2023 йилда 71 та янги хонадон харид қилиш;
- Жами - 161 та, шундан 2021 йилда 63 та, 2022 йилда 51 та ҳамда 2023 йилда 47 та уй-жойни тўлиқ таъмирлаш.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги "Ягона буюртмачи хизмати" инжиниринг компанияси ДУК - Дастур доирасида хизмат уй-жойларини қуриш бўйича буюртмачи ҳисобланади.
Хизмат уй-жойлари Президентнинг "2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида" 2016 йил 21 октябрдаги ПҚ-2639-сон қарорига мувофиқ 0,02 гектар ҳажмдаги ер участкаларида жойлаштириладиган, ҳовли иншоотларига эга бўлган бир қаватли 2 ва 3 хонали уй-жойларнинг намунавий лойиҳаси бўйича қурилади.
Қурилиш компанияларини танлаш учун тендер ўтказилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 21.05.2021 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.