Президентнинг 24.12.2018 йилдаги ПФ–5602-сон тегишли Фармони ЎзАда жойлаштирилган.
Ҳужжат билан тасдиқланган ИИВнинг байроғи намунаси (ўнг томондаги суратда, таҳр.) – тўқ кулранг тўғрибурчакли матодир, унинг олд ва орқа томонлари марказида геральдик белги – диаметри 98 см бўлган айлана ичига чизилган ИИВнинг эмблемаси тасвирланган.
Геральдик белги – ИИВнинг эмблемаси (чап томондаги суратда, таҳр.) четлари бронза рангда ҳошияланган ҳалқали тўқ кумуш айлана кўринишига эга. Ички чизиқ марказида ҳаётий кучни ифодаловчи қизил рангли йўл-йўл чизиқ туширилган. Ҳалқали чизиқнинг тепа қисмида идоравий мансубликни кўрсатувчи сўзлар ёзилган, ёзувлар қатъият, матонат ва шон-шарафни ифодаловчи иккита саккиз қиррали юлдуз билан бир-биридан ажратилган.
Айлана ўртасида четлари миллий орнамент билан безатилган, ички ва ташқи таҳдидлардан ҳимояни ифодаловчи қалқон тасвирланган. Унинг марказида доира ичига чизилган ўнгга айланишни акс эттирувчи октограмма бўлиб, у тартиб, мувозанат ва камолотга етишишни англатади. Қалқон ортида – тиғи пастга қаратилган ва диагональ тарзда кесишган икки шамшир – куч ва ҳимоянинг қадимий рамзи жойлашган. Қалқон ва шамширлар ортида тилла рангда ишланган, қанотлари ёйилган, омад ва бахт рамзи бўлган Хумо қуши тасвирланган.
Олег Заманов.