Президентнинг 01.04.2024 йилдаги “Ижод мактаблари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-147-сон қарори қабул қилинди.
2024/2025 ўқув йилидан бошлаб Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ижод мактабларида:
- ижтимоий ва ижодий фаол, кенг жамоатчилик ўртасида обрў-эътибор қозонган адиблар ва жамоат арбоблари иштирокида маҳорат дарслари ўтказилади;
- маҳорат дарслари учун тўланадиган бир марталик тўлов Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги ҳузуридаги Иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан, уларнинг хизмат сафари билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан амалга оширилади;
- жаҳон адабиётининг дурдона асарларини ўзбек тилига бадиий таржима қилиш мақсадида “Ёш таржимонлар” клублари фаолияти йўлга қўйилади;
- мумтоз адабиётимиз, жумладан, жадид маърифатпарварларининг Ватанимиз тарихида чуқур из қолдирган бой илмий меросини ўрганиш мақсадида амалдаги таянч ўқув режаси доирасида "Матншунослик" дарслари ташкил этилади;
- ҳар йили икки маротаба ўқувчиларнинг "Ижод боғидан гулдаста" номли тўпламларини нашр этиш амалиёти йўлга қўйилади;
- ўқувчиларда ахлоқий, ижтимоий-эмоционал ва эстетик дидни ривожлантириш мақсадида "Тасвирий санъат ва чизмачилик" фани негизида "Санъат" (ART) фани киритилади;
- ўқувчиларнинг сунъий интеллект ва робототехника йўналишига қизиқишларини қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг яратувчанлик кўникмаларини шакллантириш мақсадида 7-9-синфларнинг "Технология" фани доирасида робототехника асослари ўргатилади;
- "Тасвирий санъат ва чизмачилик" ҳамда "Мусиқа" фанларидан дарс берадиган педагог кадрларнинг малака тоифалари "Санъат" (ART) фанига, "Информатика ва ахборот технологиялари" фанидан дарс берадиган педагог кадрларнинг малака тоифалари эса - "Технология" фанига ҳам татбиқ этилади;
- ижод мактаблари ўқувчиларини ўз ижодий фаолият натижаларини, жумладан ижтимоий тармоқларда ва онлайн платформаларда тижоратлаштиришга ўргатиш бўйича амалий машғулотлар ўтказилади.
2024/2025 ўқув йилидан бошлаб умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида ҳар йили туман (шаҳар) ва вилоят босқичларида бадиий адабиёт ва санъат соҳасида иқтидорли ёшларни саралашга қаратилган кўрик-танлов ўтказилади.
Танловнинг вилоят босқичида совринли 1, 2 ва 3-ўринларни қўлга киритган 6-синф ўқувчилари ижод мактабларига умумий қабул параметрлари доирасида кириш имтиҳонисиз ўқишга қабул қилинади.
2024 йил 1 сентябрдан бошлаб ижод мактабларининг 10 ва 11-синф ўқувчиларини:
- Маданий мерос агентлиги билан биргаликда гид, таҳрирчи ва реставратор ёрдамчиси касбларига;
- Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда теле- ва радиоканалларда режиссёр ёрдамчиси, овоз ёзиш режиссёри ассистенти, муҳаррир ёрдамчиси ҳамда репортёр касбларига;
- Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан биргаликда босма нашриётларда муҳаррир ва дизайнер касбларига;
- Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ва унинг ҳудудлардаги филиаллари билан биргаликда сканерлаш ва рақамлаштириш ҳамда рақамлаштирилган ресурсларни қайта ишлашга оид касбларга;
- Маданият вазирлиги билан биргаликда театрларда санъатшунослик, актёрлик санъати, режиссёрлик, халқ ижодиёти соҳаларидаги касбларга ўргатиш бўйича амалий дарсларни жорий қилиш режалаштирилмоқда.
Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:
- ижод мактабларида таълим-тарбия жараёни ҳамда дарсдан ташқари машғулотларнинг сифатини яхшилаш, педагог кадрлар салоҳиятини оширишни тизимли ташкил этишга қаратилган Ижод мактабларини ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари;
- Ижод мактаблари фаолиятини самарали ташкил этиш ҳамда таълим сифати натижадорлигини ошириш бўйича "Йўл харитаси".
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 03.04.2024 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова