Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак влияют курсовые разницы на прибыль от экспорта Как изменятся тарифы на свет и газ с 1 мая и с 1 июня 2024 года Как учитывать экспортные операции Как оформить дефекты основных средств

Ижтимоий ёрдам комплекс асосда кўрсатилади

01.07.2022

Читать на русском языке

Президентнинг 29.06.2022 йилдаги “Маҳаллаларда ижтимоий хизматларни кўрсатиш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга ёрдам бериш тизимини янги босқичга кўтариш ҳамда хотин-қизларни касбга ўргатиш ишларини янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-300-сон қарори қабул қилинди.

 

2022 йил 1 июлдан бошлаб маҳаллаларда комплекс ёндашув асосида ижтимоий хизматларни ташкил этиш тизими босқичма-босқич жорий қилинади. Маҳалладаги хотин-қизлар фаолларига қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилади:

  • ҳар бир хонадон аҳволини ўрганиб, оилалардаги ҳақиқий ҳолат ва ижтимоий хизматларга бўлган эҳтиёжни аниқлаш;
  • ижтимоий ёрдамга муҳтож ҳар бир оилани индивидуал ижтимоий ҳимоя қилиш режасини ишлаб чиқиш;
  • ижтимоий хизматларнинг ўз вақтида ва сифатли кўрсатилишини доимий назорат қилиб бориш;
  • мураккаб ва юқори технологик тиббий амалиётларга, ногиронлиги бўлган шахсларнинг протез-ортопедия буюмларига ва шу каби бошқа ижтимоий хизматларга оилаларнинг эҳтиёжи бўйича тавсиялар ва буюртмалар бериш.

 

Маҳаллаларда комплекс ёндашув тизими асосида ижтимоий хизматларни жорий қилишни мувофиқлаштириш бўйича республика штаби ташкил этилади. Унинг вазифалари:

  • оилалардаги ижтимоий муаммоларни ҳал этишда комплекс ёндашув тизимини йўлга қўйиш;
  • оилалардаги ижтимоий муаммоларни аниқлаш учун хотин-қизлар фаоли билан ҳамкорлик қилиш;
  • оилаларни иқтисодий ночор аҳволдан чиқариш ва меҳнат орқали барқарор даромад манбаи билан таъминлаш чораларини кўриш;
  • соғлом ҳаёт тарзини тарғиб қилиш ҳамда тиббий ёрдамга муҳтож оилаларга ўз вақтида сифатли тиббий кўмак кўрсатилишини ташкиллаштириш.

 

Қорақалпоғистон, вилоятлар, Тошкент шаҳри ҳамда туман (шаҳар)ларда мутасадди вазирлик, идора ва бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг ҳудудий бўлинмалари масъул ходимларидан иборат Маҳаллаларда ижтимоий хизматларни жорий қилиш бўйича ҳудудий штаби ташкил этилади.

 

ЮНИСЕФнинг кўмаги асосида «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими негизида «Маҳаллада ижтимоий хизмат» махсус электрон модули 2022 йилнинг 1 августига қадар ишга туширилади. У дастлаб Сурхондарё вилоятининг маҳаллаларида жорий этилади.  2022 йил 1 ноябрдан бошлаб ушбу тизим республиканинг бошқа барча маҳаллаларида тўлиқ жорий этилади.

 

Маҳаллаларнинг хотин-қизлар фаоллари ижтимоий хизматлар кўрсатиш мақсадида Халқаро тараққиёт уюшмаси иштирокидаги «Аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш тизимини мустаҳкамлаш» лойиҳаси доирасида ажратилган имтиёзли кредит маблағлари ҳисобидан харид қилинадиган махсус планшетлар билан таъминланади.

 

Қуйидагилар тасдиқланди:

  • Маҳаллаларда ижтимоий хизматларни кўрсатиш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга ёрдам бериш тизимини янги босқичга кўтариш ҳамда хотин-қизларни касбга ўргатиш ишларини янада жадаллаштириш бўйича «йўл харитаси»;
  • Давлат ва нодавлат таълим ташкилотларида давлат буюртмаси асосида хотин-қизларни касбга ўқитиш тартиби тўғрисидаги низом;
  • 2022-2023 йилларда хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш ва уларнинг бандлигини таъминлаш прогноз кўрсаткичлари;
  • Давлат буюртмаси асосида умумий ўрта таълим мактабларининг битирувчи синф, академик лицей ва профессионал таълим муассасаларининг битирувчи курс ўқувчи-қизларини ахборот технологиялари йўналишларида қўшимча курсларда ўқитиш тартиби тўғрисидаги низом.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 30.06.2022 йилдан кучга кирди.

 

Лола Абдуазимова.