Вазирлар Маҳкамасининг 29.12.2023 йилдаги 705-сон қарори билан аҳолининг ижтимоий ҳимоя олиш ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда давлат ижтимоий ёрдами ва хизматларини кўрсатиш тизимини такомиллаштириш муносабати билан баъзи ҳукумат қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Вазирлар Маҳкамасининг баъзи қарорларига киритилган қўшимча ва ўзгартиришлар «Инсон» ижтимоий хизмат кўрсатиш марказлари ва ижтимоий ходимлар томонидан давлат ижтимоий ёрдами ва хизматларини кўрсатишни яхшилашга йўналтирилган.
Ўзгартиришлар ижро этувчи ҳокимият органларига камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўйича туман (шаҳар) бўлимлари томонидан иш ўринлари яратиш бўйича давлат буюртмасини тақдим этишдан аввал ушбу буюртмалар «Инсон» ижтимоий хизмат кўрсатиш марказлари билан келишилган бўлиши кераклигини назарда тутади.
Бундан ташқари «Инсон» ижтимоий хизмат кўрсатиш марказлари раҳбарларининг қарорига кўра аниқ яшаш жойига эга бўлмаган, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар яшаш жойларида олти ойгача Миллий ижтимоий ҳимоя агентлиги ҳузуридаги уй-жой фондига эга муассасаларда рўйхатдан ўтишлари керак.
Ижтимоий ходимлар I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс ёки 18 ёшга тўлмаган ногирон бола, шунингдек тиббий муассасанинг хулосасига кўра ўзганинг парваришига муҳтож 80 ёшдан ошган кексаларни парваришлаш шароитларини текширадилар.
Қуйидагиларга ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилди:
• Ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва захирага қўйиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги низом (5.12.2017 й. 965-сон ВМҚ билан тасдиқланган);
• Ички ишлар органларининг муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш марказлари тўғрисидаги низом (26.04.2018 й. 309-сон ВМҚ билан тасдиқланган);
• Вазирлар Маҳкамасининг 28.12.2019 йилдаги 1049-сон «Ўзбекистон Республикасида фуқароларни доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш тартибини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ва бошқалар.
Ҳужжат қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида давлат тилида эълон қилинди ва 29.12. 2023 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова