Президент 31.05.2018 йилдаги “Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабага Ўзбекистон халқининг қўшган муносиб ҳиссасига бағишланган китоб-альбомни нашр этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойишни имзолади. Матн ЎзАда жойлаштирилган (иловаларсиз).
Халқимизнинг эришилган буюк ғалабага қўшган муносиб ҳиссасини тарихий ҳужжатлар асосида кўрсатиш мақсадида ушбу тарихий воқеанинг 2020 йилда нишонланадиган 75 йиллигига бағишланган китоб-альбом нашр этилади.
У архив ва музейларда, шахсий альбом ва кутубхоналарда сақланаётган тарихий материаллар, ҳужжатлар ва ноёб суратларни тўплаш ва ўрганиш йўли билан тайёрланади.
Шунингдек китоб-альбомни тайёрлаш ва нашр этиш ишларини мувофиқлаштириш бўйича Ташкилий қўмита таркиби тасдиқланди, қуйидагилар унинг асосий вазифалари ҳисобланади:
- Иккинчи жаҳон урушида халқимиз кўрсатган мардлик ва жасорат ҳақида тарихий ҳақиқатни тиклаш;
- уруш йилларида мамлакатимизнинг иқтисодий аҳволи, юртимизга кўчириб келтирилган ҳамда янги қурилган завод ва фабрикалар ҳақида маълумотлар йиғиш;
- уруш даврида мамлакатимизга эвакуация қилинган инсонларга кўрсатилган меҳр-мурувватни, юртдошларимизнинг инсонпарварлик фазилатларини акс эттириш;
- фахрийларга бугунги кунда давлатимиз томонидан кўрсатилаётган юксак эътиборни аниқ далиллар, факт ва рақамлар орқали кўрсатиш.
Ташкилий қўмитага ушбу фаолиятга вазирликлар, идоралар, хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари ва мутахассисларини, экспертларни, шунингдек, Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари вакилларини жалб этиш ҳуқуқи берилди.
Китоб-альбомни тайёрлаш ва нашр этиш билан боғлиқ барча харажатлар Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни, шарҳлар ва у билан боғлиқ бошқа қонун ҳужжатларига ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Фозила Ашурова.