Президентнинг 5.07.2018 йилдаги «Иммунология ва инсон геномикаси соҳасида фундаментал ва амалий тадқиқотлар ҳамда инновацион ишларни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ–3838-сон қарорида ана шу мақсад кўзланган.
Республика иммунология илмий маркази Иммунология ва инсон геномикаси институти этиб қайта ташкил қилинди. Муассаса Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидан Фанлар академияси тасарруфига ўтказилди. Бундан ташқари, ушбу муассасанинг Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон ва Қашқадарё вилоятларида юридик шахс мақомига эга бўлмаган филиаллари ташкил этилмоқда.
Қуйидагилар Институтнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгиланди:
- биотиббиётнинг умумжаҳон ютуқлари билан ўзаро боғлиқ, иммуногеном технологияларнинг кенг спектри ишлаб чиқилишини таъминловчи комплекс тадқиқотларни амалга ошириш;
- онкологик, аутоиммун ва метаболик патологияларда аутоиммун-яллиғланиш жараёнларини шакллантиришнинг тизимли иммунологик, геномик ва ҳужайра-молекуляр механизмларининг умумийлиги ва фарқлари тўғрисида янги тасаввурларни ўрганиш ва таърифлаш;
- маҳаллий хом ашёдан тайёрланган иммунотроп дори воситаларини ўрганиш мақсадида янги фармацевтика технологияларини ишлаб чиқиш учун тизимли иммунология ва геномиканинг ютуқларидан фойдаланиш;
- халқаро талабларга мувофиқ мультиомилли (бирикмали) касалликларни диагностика қилиш ва даволаш учун янги иммунобиогенетик, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқишда таҳлилий ва технологик асосларни яратиш;
- иммунология, тиббий генетика соҳасида ва улар билан боғлиқ йўналишларда юқори малакали ёш мутахассислар ва олий малакали илмий-педагог кадрлар тайёрлаш мақсадида фан ва таълимни интеграциялаш шаклларини такомиллаштириш;
- инновацион илмий тадқиқотларни ривожлантирадиган янги дастур ва услубларни ишлаб чиқиш, ўқув жараёнини услубий таъминлаш, шунингдек Институт илмий ходимларининг соҳадаги олий таълим муассасаларининг таълим жараёнида фаол иштирок этишини таъминлаш.
Иммунология ва инсон геномикаси соҳасида фундаментал ва амалий тадқиқотларни, шунингдек инновацион ишларни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Унда 9 та илмий йўналишни ривожлантириш назарда тутилган. Ҳужайра технологияларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган. Уларни ривожлантириш учун институтда янги бино барпо этилади. Хусусан, унда болалар ва катталардаги қандли диабет ҳужайра терапиясини ишлаб чиқишга йўналтирилган илмий ва амалий тадқиқотлар ўтказилиши мўлжалланган.
Институт ҳузурида иммунология ва инсон геномикаси соҳасида мутахассислар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш билан шуғулланувчи ихтисослашган марказ ташкил этилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 5.07.2018 йилдан кучга кирди.
Олег Гаевой.