Вазирлар Маҳкамасининг 23.07.2024 даги 441-сон қарори билан интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг бузилиши билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар бўйича назорат харидларини амалга ошириш тартиби тасдиқланди.
Президентнинг 4.04.2023 йилдаги ПҚ-110-сон қарорига мувофиқ Интеллектуал мулк соҳасида назорат харидларини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. У қуйидагиларни белгилайди:
- назорат харидини ташкил этиш ва ўтказишни режалаштириш қоидалари;
- назорат харидлари натижалари бўйича интеллектуал мулк ҳуқуқларига риоя этилишини ўрганиш тартиби;
- интеллектуал мулк ҳуқуқларига риоя этилишини баҳолаш мезонлари;
- назорат харидларини амалга ошириш билан боғлиқ фаолиятни молиялаштириш тартиби.
Адлия органлари томонидан режали назорат харидини амалга ошириш жадвали илгари интеллектуал мулк соҳасида ҳуқуқбузарликларга йўл қўйган сотув нуқталари фаолиятини таҳлил қилиш асосида шакллантирилади.
Режадан ташқари назорат жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари, оммавий ахборот воситаларидаги нашрлар, шунингдек давлат органлари томонидан қонунчилик бузилиши фактлари тўғрисида тақдим этилган маълумотлар асосида амалга оширилади.
Товарларни текшириш қуйидаги мезонлар асосида амалга оширилади:
- интеллектуал мулк объектининг рўйхатдан ўтказилган объектлар билан истеъмолчини чалғитиш даражасигача ўхшашлиги;
- товарларда муаллифлик ҳуқуқи (турдош ҳуқуқлар) объектларини такрорлаш ёки тарқатишда қонунийликка риоя этилиши;
- товар ишлаб чиқарувчилар ва ҳуқуқ эгалари ўртасида тузилган лицензия шартномасининг мавжудлиги, шунингдек бундай шартномаларнинг Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилганлиги.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида давлат тилида эълон қилинган ва 2024 йил 24 июлдан кучга кирган.
Лола Абдуазимова