Ижтимоий эҳтиёжманд оилаларнинг иқтидорли фарзандлари узлуксиз таълим олишини моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди (ВМнинг 28.03.2019 йилдаги 257-сон қарорига қаранг).
Қандай қўллаб-қувватлаш турлари назарда тутилган
Ҳужжатда иқтидорли болаларга кўмак бериш учун комплекс чора-тадбирлар назарда тутилган. Масалан, ҳудудлар кесимида махсус идоралараро кенгашлар ҳар ўқув йили бошидан бошлаб улар учун қуйидаги харажатларни қоплайди:
- замонавий ягона мактаб формаси (иссиқ кийим-бош) билан таъминлаш;
- асосий турдаги ўқув қуроллари билан таъминлаш;
- бадиий китоблар билан таъминлаш;
- болалар газета ва журналларига обуна қилиш;
- республика оромгоҳларида дам олишини ташкил этиш;
- республика бўйлаб саёҳатга бориш ва келиш.
Бундан ташқари, ижтимоий эҳтиёжманд оилаларнинг иқтидорли фарзандлари тўгараклар, танловлар, мусобақалар ва бошқа тадбирларда иштирок этишга, узайтирилган кун гуруҳларига, шунингдек Ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилотларидаги жамоатчилик фаолиятига фаол жалб этилади.
Кимлар қўллаб-қувватланади
Қўллаб-қувватланадиган болаларни аниқлашда қуйидаги ижтимоий мезонларга эътибор қаратилади:
- ўқувчининг кўп болали оиладан эканлиги (оилада уч ва ундан ортиқ бола мавжудлиги);
- ўқувчининг оиласида I ва/ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг мавжудлиги;
- ўқувчининг ёлғиз она (ота) томонидан икки ёки ундан ортиқ вояга етмаган фарзандлар тарбиялаётган оиладан эканлиги;
- ўқувчининг фан, санъат, таълим ва бошқа йўналишларда ютуқлари, турли олимпиадалар, кўрик-танловлар ҳамда спорт мусобақаларида ғолиб ва совриндорлиги, аъло баҳоларга ўқиши.
Ёшлар иттифоқининг бола ўқийдиган таълим муассасасидаги бошланғич ташкилоти ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи ҳар йили 1 июнга қадар идоралараро кенгашга кўмак олиш учун ёзма тавсия билан бирга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этишлари шарт:
- ижтимоий эҳтиёжманд оилаларнинг иқтидорли фарзандлари томонидан қўлга киритилган ютуқларини тасдиқловчи ҳужжатлар (олимпиадалар, кўрик-танловлар ҳамда спорт мусобақаларида ғолиб ва совриндорлигини тасдиқловчи дипломлар ва бошқа шу каби ҳужжатлар нусхаси) – мавжуд бўлганда;
- ўқувчи ва унинг оила аъзоларининг паспорти ва/ёки туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси нусхалари;
- ўқувчининг оила аъзлари I ва/ёки II гуруҳ ногиронлигини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхаси – мавжуд бўлганда;
- ўқувчининг оиласи боқувчисини йўқотганлиги тўғрисида ҳужжат нусхаси – мавжуд бўлганда.
Идоралараро кенгаш ҳар йили 30 июнга қадар қўллаб-қувватлаш бўйича тегишли қарорни қабул қилиши шарт.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 28.03.2019 йилдан кучга кирди.
Самир Латипов.