Вазирлар Маҳкамасининг 19.04.2025 йилдаги «Айрим турдаги товарларни божхона чегараси орқали олиб ўтиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 244-сон қарори қабул қилинди.
2025 йил 1 майдан бошлаб жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжлари учун нотижорат мақсадларда республикага олиб кириладиган товарларни божсиз олиб киришнинг қуйидаги меъёрлари белгиланади:
• ҳаво транспортида - 1 000 АҚШ доллари;
• темир йўл ва дарё транспорти – 500 АҚШ доллари;
• автомобиль (пиёда) ўтказиш пунктлари орқали - 300 АҚШ доллари;
• халқаро курьерлик жўнатмалари орқали - 200 АҚШ доллари;
• халқаро почта жўнатмалари орқали - 100 АҚШ доллари.
Бунда халкаро курьерлик жўнатмалари орқали жисмоний шахслар номига олиб келинадиган товарларга нисбатан божсиз олиб киришнинг белгиланган нормалари бир календарь ой давомида қўлланади.
Шунингдек, жисмоний шахслар томонидан айрим товарларни божсиз олиб киришнинг миқдорий нормалари тасдиқланди:
• алкоголь маҳсулотлари (шу жумладан пиво) - 2 литргача;
• тамаки маҳсулотларининг қуйидаги турларидан бири:
- сигареталар - 200 донагача;
- сигаралар - 5 донагача;
- тамаки - 100 гр гача.
• атир ва ифор тарқатувчи сувлари - 3 бирликкача (300 мл дан кўп бўлмаган);
• биологик фаол қўшимчалар:
- суюқ ҳолатда ва сироп кўринишида - 10 флаконгача;
- кукун кўринишида - 0,5 кг гача;
- таблетка кўринишида - 100 донагача;
- капсула шаклида - 100 донагача ёки 4 донагача ПЕТ идишлар;
- қуритилган ҳолда - 0,5 кг гача.
Бундан ташқари, жисмоний шахслар томонидан айрим турдаги товарларни республикадан божсиз олиб чиқиш нормалари тасдиқланди:
• гуруч - кўпи билан 3 кг;
• нон-булка маҳсулотлари - 5 кг дан кўп бўлмаган миқдорда;
• гўшт ва гўшт маҳсулотлари - 2 кг дан кўп бўлмаган миқдорда;
• шакар - 2 кггача;
• ўсимлик ёғи - 2 литргача;
• янги узилган мева-сабзавот маҳсулотлари, узум, полиз экинлари, дуккакли ва қуритилган сабзавотлар ва мевалар - 40 кг дан кўп бўлмаган миқдорда.
Товарларни нотижорат мақсадларда темир йўл ва дарё транспортида, шунингдек автомобиль ўтказиш пунктлари орқали олиб кираётган шахс хорижий давлатда 2 календарь кундан кам, ҳаво транспортида 3 календарь кундан кам бўлган тақдирда, божсиз олиб кириш нормалари қўлланилмайди. Бунда мазкур товарлар божсиз олиб кириш меъёрларидан ортиқча деб қаралади ва товарнинг тўлиқ қийматидан ягона божхона тўлови ундирилади.
Қиймати 5 000 АҚШ доллари эквивалентигача бўлган товарлар жисмоний шахслар томонидан республикадан божхона декларациясини тақдим этмасдан олиб чиқилиши мумкин, қонун ҳужжатларида белгиланган товарлар бундан мустасно.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 20.07.2025 йилдан кучга киради.
Собир Нурбердиев