Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг буйруғи (4.02.2019 йилда 3135-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан жисмоний тарбия ўқитувчилари (инструктор, кафедра мудирлари) фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг рейтинг тизими тасдиқланди.
Президентнинг 5.03.2018 йилдаги ПФ–5368-сон Фармонида ушбу тизимни жорий этиш назарда тутилган, соҳа вазирлигига тартибга солувчи низомни ишлаб чиқиш вазифаси топширилган.
Қабул қилинган ҳужжат билан давлат МТМ жисмоний тарбия инструкторлари, мактаб, лицей, коллеж, олий таълим муассасалари ўқитувчилари, шунингдек кафедра мудирлари (бундан кейин – ўқитувчилар) фаолиятини рейтинг баҳолаш тартиби белгиланган.
Ўқитувчилар ҳар 5 йилда рейтинг тизими бўйича баҳоланади. Ишга янги қабул қилинган кадрлар ишга қабул қилинганидан кейин 1 йилдан сўнг баҳоланади. Олий таълим муассасалари ёки коллежларни битириб биринчи бор ишга кирганлар касбий фаолиятига 3 йил тўлгандан сўнг баҳоланади. Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси расмийлаштирилган ҳолда узоқ муддат (3 ойдан ортиқ) даволанаётган, ҳомиладорлик, туғиш ҳамда болани парваришлаш таътилидаги ўқитувчилар иш фаолиятига қайтганларига 1 йил тўлгандан сўнг баҳолашга жалб этилади.
Ўқитувчининг фаолияти самарадорлигининг аниқланган рейтинги у бир таълим муассасасидан бошқасига ишга ўтганда сақланади.
Баҳолаш қандай амалга оширилади
Ҳудудий жисмоний тарбия ва спорт бошқармалари вакиллари, таълим муассасалари ва спорт федерацияларининг ҳудудий бўлимлари раҳбар ходимлари, шунингдек профессор-ўқитувчилар сирасидан бўлган камида 9 кишидан иборат комиссия тузилади. Таркиб ҳар 5 йилда бир марта янгиланади. Рейтинг ўтказиш тартиби, шартлари ва муддатлари бир ой олдин эълон қилинади.
Баҳоланадиган ўқитувчилар қуйидаги ҳужжатларни тақдим этадилар:
- паспорт, таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжат, шунингдек илмий даража ёки илмий унвон олганлигини тасдиқловчи ҳужжат нусхалари (агар мавжуд бўлса);
- малака оширганлиги тўғрисидаги сертификат нусхаси (агар мавжуд бўлса).
Баҳолаш педагог кадрнинг ўқув фани бўйича малакаси, дарс ўтиш маҳорати, иш фаолияти самарадорлигини, жисмоний тарбия соҳасидаги техника хавфсизлиги қоидаларини билиш даражасини аниқлаш мақсадида у билан бевосита суҳбат шаклида ўтказилади. Суҳбат жараёни видеотасвирга олинади, берилган саволлар ва жавоблар махсус дафтарда қайд этилади.
Суҳбат натижалари асосида алоҳида таълим муассасалари – МТМ, мактаб, лицей ва коллеж, олий таълим муассасаси кесимидаги мезонлар (ҳужжатга иловаларда тақдим этилган) асосида баҳоланади. Ҳар бир позиция учун муайян миқдордаги баллар назарда тутилган.
100 баллик тизим бўйича рейтинг тузилади:
- 86–100 балл – фаолият самарадорлиги юқори;
- 71–85 балл – фаолият самарадорлиги ўрта;
- 56–70 балл – фаолият самарадорлиги қониқарли;
- 0–55 балл – фаолият самарадорлиги қониқарсиз.
Баҳолаш натижалари 3 кун ичида Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигига юборилади, у ўқитувчилар рейтингининг электрон базасини юритади. Рейтинг тизимининг алоҳида кўрсаткичлари асосида ўқитувчилар моддий жиҳатдан рағбатлантирилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 5.02.2019 йилдан кучга кирди.
Ленара Хикматова.