Президент томонидан 15.04.2022 йилдаги «Киберхавфсизлик тўғрисида»ги ЎРҚ-764-сон Қонун имзоланди. Қонун 8-боб ва 40-моддадан иборат.
Қонунда қуйидаги тушунчалар фойдаланилади: кибержиноятчилик, кибермакон, кибертаҳдид, киберхавфсизлик, киберҳимоя, киберҳужум.
Шунингдек, киберхавфсизликни таъминлашнинг қуйидаги асосий принциплари белгиланган:
- қонунийлик;
- кибермаконда шахс, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилишнинг устуворлиги;
- киберхавфсизлик соҳасини тартибга солишга нисбатан ягона ёндашув;
- киберхавфсизлик тизимини яратишда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар иштирокининг устуворлиги;
- Ўзбекистон Республикасининг киберхавфсизликни таъминлашда халқаро ҳамкорлик учун очиқлиги.
Киберхавфсизлик соҳасидаги ягона давлат сиёсатини Ўзбекистон Республикаси Президенти белгилайди. Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати киберхавфсизлик соҳасидаги ваколатли давлат органидир.
Киберхавфсизлик субъектлари томонидан киберхавфсизлик ҳодисаларига нисбатан чоралар кўриш қуйидаги шаклларда амалга оширилиши мумкин:
- дастурий таъминотдаги ва қурилмалардаги заифликларни ҳамда хатоликларни бартараф этиш;
- зарарли дастурларни йўқ қилиш, уларнинг тарқалишини чеклаш, киберҳужумлар манбаини техник жиҳатдан чеклаш;
- ахборотлаштириш объектларини мавжуд кибертаҳдидлардан ажратиб қўйиш;
- ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга киберхавфсизлик ҳодисалари тўғрисида маълумотлар тақдим этиш.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 17.07.2022 йилдан кучга киради.
Саодат Усманова.