11.03.2025 йилдаги ЎРҚ-1046-сон Қонун билан Ўзбекистоннинг айрим қонун ҳужжатларига жонли ижро санъатини янада ривожлантиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
«Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида»ги Қонунга Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг жонли ижро санъатини ривожлантириш йўналишидаги ваколатларини, шунингдек концерт-томоша тадбирларида фонограммадан фойдаланиш даражасига қараб мусиқий ва бошқа асарларни ижро этиш усулларини аниқлаштиришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Бундан ташқари «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида» ва «Реклама тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига концерт-томоша тадбирларида фонограммадан фойдаланиш даражаси ҳақида ахборот бериш тартибини белгиловчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Хусусан, концерт-томоша тадбири рекламаси фонограммадан фойдаланиш даражаси тўғрисидаги ахборотни ўз ичига олиши керак. Бунда ташқи реклама орқали жойлаштириладиган ахборот умумий реклама майдонининг камида 10 фоизини ташкил этиши керак.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 12.03.2025 йил кучга кирган.
Лола Абдуазимова