Президентнинг 27.07.2018 йилдаги Фармони билан давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва бизнесга етказилган зарарларни қоплашнинг янги механизми маъқулланди. ЎзАда шу ҳақда хабар берилган.
Эслатиб ўтамиз, ҳозир Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисидаги низомга (Вазирлар Маҳкамасининг 29.05.2006 йилдаги 97-сон қарорига илова) кўра компенсация бериш қуйидаги тартибда амалга оширилади:
- олиб қўйилаётган ер участкалари корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга ажратиб берилган тақдирда – ушбу корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар маблағлари ҳисобига;
- бошқа ҳолларда – чорак якуни бўйича прогноздан ортиқча тушган маҳаллий бюджетларнинг даромад қисми маблағлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бюджетларининг захира жамғармаси маблағлари ва (ёки) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг тегишли ҳисоб рақамларига давлат мулкини давлат тасарруфидан чиқариш, хусусийлаштиришдан тушадиган тақсимланадиган маблағларнинг бир қисми ҳисобига.
Шу тариқа, ягона марказлаштирилган қоплаш манбаи мавжуд эмас. Бу жойларда ҳуқуқбузарликлар содир этилишига олиб келмоқда. Чунончи, Адлия вазирлигининг маълумотларига кўра, 2016–2018 йиллар мобайнида 37 нафар мулкдорга 3 млрд 252 млн сўм миқдоридаги компенсация тўланмаган, 215 нафар мулкдорга эса 15 млрд 67 млн сўм компенсация тўлиқ тўланмаган. Бундан ташқари, 100 та ҳолатда бузилаётган турар жойлар баҳоланмай туриб тўловлар тўланган, 391 та ҳолатда эса уй-жой бузилгандан кейин баҳолаш ўтказилган.
Шу муносабат билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида 2 ой муддатда Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш бўйича марказлаштирилган жамғарма ташкил қилинади. У маҳаллий бюджетларнинг даромад қисми ва бошқа манбалар ҳисобига тўлдирилади (олиб қўйилаётган ер участкаларини олувчиларнинг маблағлари ҳам унга киритилса керак).
Бу – муҳим! Жамғарма билан келишувга эришмай ер участкаларини олиб қўйиш тақиқланади. Мақола муаллифининг фикрича, бу компенсация тўлиқ тўланмагунча кўчмас мулкни бузиш, шунингдек мол-мулкни баҳолаш натижаларини пасайтириб кўрсатиш ҳолатларини истисно этиш йўлидаги муҳим қадамдир.
Самир Латипов.