Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzОбязательно ли оформлять акт закупки в электронной форме Какой первичный документ составить, если счет-фактура «опаздывает» Как составлять отчет о финансовых результатах по НСБУ

Кўчмас мулкни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги низолар судгача қандай кўриб чиқилади

24.04.2019

Читать на русском языке

Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш соҳасидаги аризалари ва шикоятларини кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди (22.04.2019 йилда 3156-сон билан рўйхатдан ўтказилган).

 

Вазирлар Маҳкамасининг 29.12.2018 йилдаги 1060-сон қарорида бундай низоларни судгача ҳал қилишнинг мустақил механизми жорий этилиши назарда тутилган (шарҳга қаранг).

 

Шахсларнинг мурожаатларини ҳудудий ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхоналари қошида доимий равишда фаолият юритадиган, 5 кишидан кам бўлмаган таркибдаги комиссиялар бепул асосда кўриб чиқадилар. Улар кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг вужудга келиши, бошқа шахсга ўтиши ва бекор бўлишини эътироф этиш ва тасдиқлаш юзасидан келиб тушган ариза ва шикоятларни ўрганадилар.

 

Жисмоний шахс мурожаатда Ф.И.О. ва яшаш жойи, юридик шахс эса тўлиқ номи ва жойлашган ерини (почта манзили) кўрсатади. Бундай маълумотлар кўрсатилмаган ёхуд улар ҳақида ёлғон маълумотлар кўрсатилган мурожаат, шунингдек уни идентификация қилиш имкониятини бермайдиган электрон мурожаат ёхуд имзо билан тасдиқланмаган ёзма мурожаат аноним мурожаат ҳисобланади ва кўриб чиқилмайди. Мурожаатда электрон почта манзили, алоқа телефонлари ва факслари рақамлари, кўчмас мулк жойлашган ер кўрсатилиши, унга низо объекти билан боғлиқ маълумотлар ва ҳужжатлар илова қилиниши мумкин.

 

Комиссия мурожаат келиб тушган кундан бошлаб 10 кун ичида уни кўриб чиқиши лозим. У манфаатдор шахснинг иштирокисиз кўриб чиқилади.

 

Кўриб чиқиш натижаси бўйича комиссия кўпчилик овоз билан қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:

  • кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳақидаги қарорни бекор қилиш лозимлиги тўғрисида;
  • кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш ҳақидаги қарорни бекор қилиш ва бундай ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш лозимлиги тўғрисида;
  • кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳақидаги қарорни ўз кучида қолдириш лозимлиги тўғрисида;
  • кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш ҳақидаги қарорни ўз кучида қолдириш лозимлиги тўғрисида.

 

Қабул қилинган қарор асосида 3 нусхада хулоса расмийлаштирилади, улардан бири аризачига етказилади. Кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқ юзасидан янги ҳолатлар аниқланганда низони қайта кўриб чиқишга рухсат этилади.

 

Чиқарилган қарордан норози бўлган шахс хулосани олган кундан бошлаб 10 кун давомида Ергеодезкадастрдавқўм раиси томонидан тузиладиган апелляция комиссиясига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Апелляцияни кўриб чиқиш (10 кун ичида) натижалари бўйича комиссия хулосани бекор қилиш ёки уни ўз кучида қолдириш тўғрисида қарор қабул қилади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 22.04.2019 йилдан кучга кирди.

 

Ленара Хикматова.