Вазирлар Маҳкамасининг 30.09.2022 йилдаги «Ахборот-кутубхона муассасаларида ахборот-кутубхона ресурсларини ҳисобга олиш, фондларни сақлаш ва ҳисобдан чиқариш соҳасидаги айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида»ги 552-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан Ахборот-кутубхона муассасаларида ахборот-кутубхона ресурсларини ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди, у билан қуйидагилар белгиланган:
- ахборот-кутубхона ресурслари ҳисобини юритишга қўйиладиган талаблар (ҳисобга олиш ахборотининг тўлиқлиги ва ишончлилиги, ахборот-кутубхона фондига ҳар бир кирим ва чиқимни ҳужжатлаштирилган кўринишда расмийлаштириш, қабул қилиш ва ҳисобга олиш шакллари);
- ахборот-кутубхона ресурсларини ҳисобга олиш тизими (ахборот-кутубхона фондининг барча бўлинмаларини ҳисобга олиш, ахборот-кутубхона фонди бўйича давлат статистика ҳисоботини топшириш, айрим ахборот-кутубхона ресурсларининг ҳисобга олиниши);
- ахборот-кутубхона ресурсларини жамланма ва якка тартибда ҳисобга олиш, ахборот-кутубхона фондини ахборот-кутубхона муассасаси томонидан тузиладиган комиссия томонидан текшириш тартиби.
Ахборот-кутубхона муассасаларининг ахборот-кутубхона фондларини сақлаш тартиби тўғрисидаги низомда қуйидагилар назарда тутилган:
- доимий, узоқ муддатли, вақтинчалик сақлаш талаблари;
- ахборот-кутубхона муассасалари томонидан ноёб, алоҳида қимматга эга ва нодир нашрлар фондларини асраш ва сақлашга қўйиладиган асосий талабларни белгилаш;
- ахборот-кутубхона фондларини ташкил этиш ва уларнинг бутлигини таъминлаш, улардан тўғри фойдаланиш қоидаларини белгилаш (ахборот-кутубхона ресурсларини расмийлаштириш, ҳисобга олиш каталоглари ва картотекаларга ажратиш, фондлардан фойдаланишда улардан нусхалар олиш, уларни шикастланишдан сақлаш).
Ахборот-кутубхона ресурсларини ахборот-кутубхона муассасаларининг фондлари ҳисобидан чиқариш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ, бу ахборот-кутубхона муассасаси директорининг ёки таркибий бўлинма раҳбарининг буйруғи билан амалга оширилади.
Шунингдек ахборот-кутубхона ресурсларини ҳисобдан чиқариш бўйича комиссия фаолиятини ташкил этиш тартиби ва ушбу комиссиянинг асосий вазифалари назарда тутилган.
Ахборот-кутубхона фондидан бир йилда камида бир марта ахборот-кутубхона ресурслари ҳисобдан чиқарилади. Бунда ахборот-кутубхона фондидан чиқариш тақиқланган ахборот-кутубхона ресурслари рўйхати тузилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари миллий маълумотлар базасида эълон қилинган ва 30.09.2022 йилдан кучга кирган.
Лола Абдуазимова.