Президент томонидан 20 октябрь куни “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон имзоланди.
Вазирлар Маҳкамасига лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига тўлиқ ўтишни таъминлаш мақсадида ишчи гуруҳини ташкил қилиш ва аниқ чора-тадбирлар ҳамда уларни молиялаштириш манбалари ва ҳажмларини назарда тутувчи “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш топширилди.
Фармон билан:
- 2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси ва уни 2020-2022 йилларда амалга ошириш дастури;
- 2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари тасдиқланди. Улар тўртта асосий соҳалар бўйича гуруҳланган (қуйидаги жадвалга қаранг).
Давлат тилини ўқитиш тизимини такомиллаштириш, унинг илм-фан тили сифатидаги нуфузини ошириш |
Давлат тилининг софлигини сақлаш, уни бойитиб бориш ва аҳолининг нутқ маданиятини ошириш |
Давлат тилининг замонавий ахборот технологиялари ва коммуникацияларига интеграциялашувини таъминлаш |
Давлат тилининг халқаро миқёсдаги ўрни ва нуфузини ошириш |
|
|
|
|
2021 йил 1 апрелдан бошлаб:
- ўзбек тили ва адабиёти бўйича билимни баҳолашнинг миллий тест тизими асосида раҳбар кадрларнинг давлат тилида расмий иш юритиш даражаси аниқланади;
- масъул лавозимларга тайинланадиган шахслар учун давлат тилини билиш бўйича даража сертификатлари жорий этилади.
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Марказда ўзбек адабий тили меъёрлари ва давлат тилида иш юритиш бўйича қисқа муддатли (1-2 ойгача) ўқув курслари ташкил этилади.
Шунингдек, ҳужжат билан қуйидагилар назарда тутилган:
а) узлуксиз таълимнинг барча турлари учун қуйидаги ўқув луғатларини яратиш:
- кўп жилдли “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”нинг тўлдирилган янги нашри (кирилл ва лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида);
- “Ўзбек тилининг имло луғати”;
- “Ўзбек тили синонимлари луғати”;
- “Ўзбек тили синонимларининг катта изоҳли луғати”;
- “Ўзбек тили фразеологизмларининг катта изоҳли луғати”;
- “Ўзбек тили омонимлари луғати”.
б) олий таълим муассасаларининг филология таълим йўналишларида “Компьютер лингвистикаси” ва “Амалий филология” йўналишларини ташкил қилиш;
в) хорижий олий таълим муассасаларида ўзбек тили марказлари фаолиятини йўлга қўйиш;
г) ўзбек тилига оид барча илмий, назарий ва амалий маълумотларни ўзида жамлаган электрон кўринишдаги ўзбек тили миллий корпусини яратиш;
д) ўзбек тилидан жаҳоннинг етакчи хорижий тилларига ва хорижий тиллардан ўзбек тилига таржима қилувчи компьютер дастурини яратиш;
е) Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси тизимидаги ахборот-таҳлилий, маънавий-маърифий ва маданий-гуманитар телеканалларини хорижий давлатларда намойиш этиш. Бунинг учун ОТТ платформаси - Интернет тармоғи орқали теледастурларни намойиш этиш тизими ишга туширилади.
“O‘zbekiston” телеканалида юртимиз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналарини тарғиб қилувчи, маълумотларни хорижий тилларда ёритадиган “Do‘stlik” ахборот-маърифий дастурлар таҳририятини ташкил этилади.
2021 йил 1 январдан бошлаб марказий телеканалларда “Тилга эътибор”, “Она тилида сўзлашамиз”, “Нотиқлик маҳорати”, “Тил – миллат кўзгуси”, “Китоб билим манбаи”, “Билимли ёшлар – келажак бунёдкори” каби туркум кўрсатув ва эшиттиришларни мунтазам равишда эфирга узатиб борилади.
Эльмира Сиразиева.