Президентнинг 20.06.2017 йилдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш марказини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ҳужжат матнини ЎзА тарқатди.
Марказнинг вазифалари орасида - чет элларда сақланаётган Ўзбекистон маданиятига оид маданий бойликларнинг маълумотлар базасини яратиш, уларни илмий ўрганиш, шунингдек мазкур бойликларни мамлакатимизга қайтариш бўйича музокаралар ўтказиш ва зарур чораларни кўриш. Шунингдек, марказ маданий бойликларнинг олиб кирилиши ва олиб чиқилиши тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилиниши ва самарали бажарилишини таҳлил қилиш билан шуғулланади.
Янги муассаса Вазирлар Маҳкамасининг Таълим, илм-фан ва ёшлар сиёсати масалалари ахборот-таҳлил департаменти мутасаддилигида фаолият юритадиган мустақил юридик шахс ҳисобланади. Шунингдек Марказ Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш ишларини мувофиқлаштириш бўйича республика комиссиясига ҳам ҳисобот беради.
Марказ фаолиятини ташкил этиш ва унинг фаолиятига чет эллик мутахассисларни жалб этиш учун Маданият, Ташқи ишлар, Ички ишлар, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Марказий банк ва бошқаларга ташкилий топшириқлар берилди.
Марказ манзили: Тошкент шаҳри, Мустақиллик майдони, 2 уй.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Самир Латипов.