Президентнинг 01.06.2023 йилдаги “Маъмурий ислоҳотлар доирасида маданий мерос соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-177-сон қарори қабул қилинди.
Президентнинг 25.01.2023 йилдаги “Республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини самарали йўлга қўйишга доир биринчи навбатдаги ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-14-сон Фармонига мувофиқ қуйидагилар тасдиқланди:
- Маданий мерос агентлиги фаолиятининг асосий йўналишлари ва ташкилий тузилмаси;
- Маданий мерос агентлигининг хусусий секторга бериладиган функциялари рўйхати;
- Маданий мерос соҳасида ислоҳотларни чуқурлаштириш ва тизим фаолиятини трансформация қилиш бўйича “йўл харитаси”.
Маданий мерос объектлари реставрацияси дирекцияси ва Маданий мерос объектларини асраш ва туризм ҳудудларининг мастер-режалари бўйича лойиҳалаштириш институти Маданий мерос илмий-тадқиқот институти деб қайта номланган ҳолда Агентлик тизимига ўтказилмоқда.
Шунингдек, 2017–2027 йилларда давлат музейлари фаолиятини такомиллаштириш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури бажарилишини мувофиқлаштириш бўйича республика комиссияси ва Музейлар фаолиятини такомиллаштириш ва қўллаб-қувватлаш бўйича республика ишчи гуруҳининг ваколат ва функциялари ҳам Агентликка ўтказилмоқда.
Қуйидагилар Маданий мерос агентлиги фаолиятининг асосий йўналишлари ҳисобланади:
- моддий маданий мерос ва музейлар соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, унда иштирок этувчи давлат органларининг ушбу йўналишдаги фаолиятини мувофиқлаштириш;
- моддий маданий мерос объектлари, маданий бойликлар, музей ашёлари ва коллекцияларини аниқлаш, уларнинг давлат ҳисобини юритиш ҳамда соҳада таъсирчан давлат назоратини амалга ошириш;
- моддий маданий мерос ва музейлар соҳасига замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш, уларга оид маълумотларнинг барча учун очиқ бўлишини таъминлаш;
- маданий меросимизнинг жаҳон маданий маконига интеграциялашувига кўмаклашиш ва уларни кенг оммалаштириш;
- илғор хорижий тажрибалар асосида музейларни комплекс ривожлантириш ва бошқалар.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 06.06.2023 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.