Вазирлар Маҳкамасининг 20.05.2022 йилдаги «Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармаси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 275-сон қарори қабул қилинди.
Президентнинг 26.05.2020 йилдаги ПҚ-4730-сон қарорига мувофиқ юридик шахс ташкил этмаган ҳолда Маданият вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармаси ташкил этилди.
Жамғарма маблағларидан қуйидаги мақсадларда фойдаланилади:
- аҳоли, айниқса, олис ҳудудларда истиқомат қиладиган фуқароларга маданий дам олиш хизматлари кўрсатиш даражасини ошириш;
- истеъдодли ёш ижодкорларни излаб топиш ва қўллаб-қувватлаш, таълим муассасаларини мусиқа дарсликлари ва ўқув-методик адабиётлар билан таъминлаш;
- маданият ва санъат соҳасидаги нуфузли халқаро фестиваль ва танловларда ижодкорларимизнинг иштирокини таъминлаш;
- Вазирликка юклатилган вазифалар ва функцияларни бажариш доирасида етакчи маҳаллий ва хорижий ташкилотлар мутахассисларини, экспертларни маслаҳатчи сифатида жалб қилиш;
- Вазирлик ва унинг тизимидаги ташкилотларда фаолият юритаётган ходимларни маҳаллий ва хорижий таълим муассасаларида ўқитиш орқали малакасини оширишни ташкил этиш;
- таълим-тарбия жараёнига илғор педагогика ва ахборот технологияларини жорий қилиш ва харажатларини молиялаштириш;
- Вазирлик ташаббуси билан ташкил этиладиган оммавий-маданий тадбирларга сарфланадиган маблағларни қоплаш;
- Вазирлик ташаббуси билан юртимиз ва хорижий мамлакатларда ташкил этиладиган концерт-томоша, спектакллар, конференциялар, семинарлар ва бошқа тадбирларни молиялаштириш;
- Вазирликнинг марказий аппарати ҳамда давлат маданият муассасалари ва ташкилотлари ходимларига ҳар ойлик устамалар, мукофотлар ва бошқа рағбатлантирувчи тўловлар тўлаш ҳамда уларни ҳар томонлама ижтимоий қўллаб-қувватлаш.
Жамғарма қуйидаги манбалар ҳисобига шакллантирилади:
- Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар;
- Вазирлик тизимидаги давлат корхоналарининг фойдасидан давлат улуши бўйича белгиланган миқдорда дивидендлар тўлангандан сўнг қолган маблағнинг 15%и;
- давлат театрлари, цирки, маданият марказлари ва концерт-томоша муассасаларининг топган даромадидан 10%и;
- Жамғарманинг вақтинча бўш маблағларини депозитларга жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;
- ДХШ асосида олинадиган даромадларнинг тақсимланишидан тушган маблағлар;
- Вазирлик ташаббуси билан вазирлик тизим ташкилотлари томонидан ташкил этиладиган концерт-томоша тадбирлари, спектакллар, шоу дастурлар ва бошқа тадбирлардан тушадиган маблағлар;
- Вазирлик тасарруфидаги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компаниясининг бюджетдан ташқари ҳисобварағидан ажратиладиган маблағлар;
- халқаро молия ташкилотлари, хорижий давлатлар ва бошқа донорларнинг кредитлари, грантлари ва техник кўмаклашиш маблағлари;
- қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
Маданият вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармаси тўғрисидаги низомда қуйидагилар назарда тутилади:
- Жамғарма маблағларини шакллантириш ҳамда улардан фойдаланиш йўналишлари;
- Жамғарма маблағларини сарфлаш ва бошқариш тартиби;
- Жамғарма маблағларидан фойдаланишни ҳисобга олиш ва назорат қилиш.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 20.05.2022 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.