Президент томонидан 20.02.2025 йилдаги «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги ЎРҚ-1033-сон Қонун имзоланди.
Жиноят кодексига киритилаётган қўшимчаларга кўра, қуйидаги қилмишлар жиноят деб топилади:
• автомототранспорт воситалари ва уларнинг тиркамалари (ярим тиркамалари) давлат рақам белгиларини ёки идентификация рақамларини қонунга хилоф равишда тайёрлаш, ўтказиш ёки улардан фойдаланиш, шунингдек уларни қалбакилаштириш;
• автомототранспорт воситалари, шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчилари ва тракторчи-машинистларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, шунингдек имтиҳонлар ўтказиш ва гувоҳномалар бериш тартибини бузиш;
• шундай қилмишлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин транспорт воситасини маст ҳолда бошқариш ёки текширувдан ўтишдан бўйин товлаш;
• шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахс томонидан транспорт воситасини бошқариш.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда қуйидаги ҳаракатлар ҳуқуқбузарлик сифатида белгиланмоқда:
• ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг уларни обрўсизлантиришга олиб келадиган тарзда бузиб кўрсатилган фото ва (ёки) видео тасвирларини тарқатиш;
• одамларни ташиш қоидаларини бузиш;
• қувиб ўтиш қоидаларини бузиш;
• йўл безорилиги.
Қуйидагилар йўлдаги безорилик ҳисобланади:
• ҳайдовчиларнинг бошқа транспорт воситалари ҳаракатига қасддан халақит бериши;
• ҳаракатланиш бурчаги ва (ёки) тезлиги сақланган ҳолда транспорт воситасининг асоссиз сирпантириши (дрифт);
• сабабсиз равишда ўз йўналишида ҳаракатланиш бўлганини узлуксиз уч ва ундан ортиқ марта кескин ўзгартириш (махсус ажратилган жойларда содир этиш бундан мустасно);
• транспорт воситасида йўл ҳаракати иштирокчиларининг хавфсиз ҳаракатланишига таҳдид соладиган ёки бошқа иштирокчиларга нисбатан ҳурматсизлик кўрсатадиган бошқа ҳаракатларни намойишкорона содир этиш.
Бундай хатти-ҳаракат БҲМнинг 25 баравари миқдорида жарима солишга ва бошқариш ҳуқуқидан 1 йилдан 2 йилгача муддатга маҳрум қилишга сабаб бўлади.
Шунингдек, ҳуқуқбузарларга жарима балларини ҳисоблаш тартиби белгиланмоқда. Улар қуйидаги ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун қўлланилади:
• ҳайдовчиларнинг тормоз тизими, руль бошқаруви ёки тиркаш қурилмасида носозлиги бўлган ёхуд тегишли рухсатномасиз қайта жиҳозланган транспорт воситаларини бошқариши;
• фойдаланиш белгиланган тартибда тақиқланган транспорт воситаларини, шунингдек, давлат рақами белгилари ўзбошимчалик билан ечиб олинган транспорт воситаларини бошқариш;
• рухсатномасиз кўзгули ва (ёки) туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали, шунингдек, кўринишни чеклайдиган қопламали транспорт воситаларидан фойдаланиш;
• мақсадсиз товуш сигналини чалиш, транспорт воситаларига ишлаб чиқарувчи корхона томонидан назарда тутилмаган товуш ва ёруғлик мосламаларини ўрнатиш, шунингдек, уларни қайта ўрнатиш;
• транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган тезликни ошириши;
• светофорнинг тақиқловчи ишорасига ёки йўл ҳаракатини тартибга солувчининг тақиқловчи ишорасига қарши ҳаракатланиш;
• авария ҳолатини юзага келтириш, йўлнинг қарама-қарши ҳаракатланиш учун мўлжалланган томонига ёки бўлагига чиқиш;
• тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузиш;
• одамларни ташиш қоидаларини бузиш;
• қувиб ўтиш қоидаларини бузиш;
• ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид солувчи гуруҳ бўлиб ҳаракатланишида иштирок этиши;
• темир йўл кесишмаларидан ўтиш қоидаларини бузиш;
• ЙТҲ жойини тарк этиш.
Ҳар бир содир этилган ҳуқуқбузарлик учун энг юқори балл 2 баллдан ошмаслиги керак.
Жарима баллари ҳуқуқбузарликлардан бири биринчи марта содир этилган кундан бошлаб 1 йил давомида ҳисобланади.
Йил давомида ҳисобланган жарима баллари 12 баллдан ошган ҳолларда ҳайдовчи транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилади. Бундай ҳуқуқдан маҳрум қилиш муддати 6 ойдан кам бўлиши мумкин эмас.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 21.02.2025 йилдан кучга кирди.
Собир Нурбердиев