Вазирлар Маҳкамасиинг 27.04.2017 йилдаги 246-сон қарори билан Меҳнат шароитларини давлат экспертизасидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Меҳнат шароитларининг давлат экспертизаси:
1 – иш ўринларининг меҳнат шароитлари бўйича аттестациядан ўтказиш сифатини (экспертизанинг мазкур тури 25 календарь кундан кўп бўлмаган муддатда ўтказилади);
2 – ходимларга зарарли ва (ёки) хавфли меҳнат шароитларидаги иши учун кафолатлар ва компенсациялар берилишининг тўғрилигини (уни ўтказишнинг энг кўп муддати – 20 иш куни);
3 – ходимларнинг ҳақиқий меҳнат шароитларини (муддати- 20 иш куни) баҳолаш мақсадида амалга оширилади.
Бунда давлат экспертизаси қуйидаги тартибда амалга оширилади:
- ходимларнинг умумий сони 100 кишидан кам бўлган ташкилотлар бўйича - Меҳнат вазирлиги ҳудудий органларининг давлат экспертлари томонидан;
- ходимларнинг умумий сони 100 ва ундан кўп киши бўлган ташкилотлар бўйича - Меҳнат вазирлигининг давлат экспертлари томонидан.
Экспертизани ўтказиш чоғида 5 та асосий мезон (экспертиза объектлари) баҳоланади:
- ишлаб чиқариш муҳити ва меҳнат жараёнининг омиллари, иш ўринларининг жароҳатланиш жиҳатидан хавфлилиги;
- ходимларнинг шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланганлиги;
- иш ўринларини меҳнат шароитлари бўйича аттестациядан ўтказиш натижалари ва хулосаларининг меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқлиги;
- меҳнат шароитлари хавфли ва (ёки) зарарли ишлар, оғир ишлар учун ходимларга берилаётган компенсациялар ва кафолатларнинг белгиланган меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига мувофиқлиги;
- иш ўринларидаги меҳнат шароитларининг ҳақиқий ҳолати.
Экспертиза ҳам аттестация ўтказувчи ташкилотларнинг, ҳам иш берувчилар, иш берувчиларнинг бирлашмалари, касаба уюшмаларининг ёки ходимларнинг мурожаатлари бўйича ўтказилади. Айрим ҳолларда у Меҳнат вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмаларига давлат назорати ва текшируви органларининг, шунингдек судлар мурожаат қилган ҳолатларида ўтказилиши мумкин.
1-тур давлат экспертизаси учун ҳақ ундирилади. Унинг суммаси Меҳнат вазирлиги томонидан, хизмат кўрсатиш бўйича ҳақиқий харажатлардан келиб чиқиб, иш ўрни учун ЭКИҲнинг 25%идан кўп бўлмаган миқдорда белгиланади. 2 ва 3-тур экспертизалар, шунингдек давлат назорати ва текшируви органларининг ёки судларнинг мурожаатлари бўйича ўтказиладиган экспертизалар бепул амалга оширилади.
Давлат экспертизаси хулосаси бланкаси қатъий ҳисоботдаги ҳужжат ҳисобланиб, тегишли ҳисобга олиш серияси, рақами ва ҳимоя даражасига эга. Улар Меҳнат вазирлигининг буюртмаси бўйича марказлашган тартибда “Давлат белгиси” ДИЧБда тайёрланади.
Низом 1 май куни эълон қилинди ва 3 ой ўтгандан кейин эътиборан кучга киради.
Мазкур ҳужжатнинг матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Олег ЗАМАНОВ, экспертимиз.